“Бўлакланиб кўмилган жасад”: Тошкентда мудҳиш жиноятга қўл урганлар узоқ муддатга қамалди

Тошкентда тадбиркорни қўллари ва оёқларини танасидан ажратиб, бўлакларга бўлиб чуқурга кўмиб юборган қотил ва унинг жиноий шериклари узоқ муддатга қамалди. Шериклардан бири “Зулфия” мукофоти соҳибаси.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 31 ёшли тадбиркорни ўлдириб, унинг жасадини бўлакларга ажратиб, кўмиб юборган шахс ва унинг жиноий шерикларига суд ҳукм ўқилди. “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Бир жиноят изидан” кўрсатувида мудҳиш жиноят тафсилотлари маълум қилинди.
Аниқланишича, 2020 йилнинг 8 май куни Учтепа туман ИИБга фуқаро Нигора Пайзибекова мурожаат қилиб, 1989 йилда туғилган ўғли Равшан Раҳматуллаев 7 май куни соат 10:00 да ўз ишлари билан “Lacetti”машинасида уйдан чиқиб кетгани ва шундан кейин қайтиб келмаганини билдирган.
Равшан Юнусобод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Жамолиддин Орифбоев билан таниш бўлган. Жамолиддин 2020 йил январь ойида Равшандан кейинчалик сотиб олиш шарти билан “Spark”ни ижарага олган. Бироқ Жамолиддин пулларни ўз вақтида тўламагани сабабли Равшан у билан оғзаки тортишиб қолган ва аччиқ устида автомобилни қайтариб олган. Равшан бошланғич тўлов сифатида берилган 2000 долларнинг 1000 долларини машинаси юкхонасидан олиб берган. Жамолиддин машина юкхонасида катта миқдорда пул борлигини кўриб қолган.
Самарқандда бир оиланинг 5 нафар аъзосини ваҳшийларча ўлдирганларга ҳукм чиқарилди
Илгари ўғрилик ва босқинчилик жиноятлари учун судланган Жамолиддин Равшаннинг пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишга аҳд қилган. Бунга Мирмақсуд Маҳкамов ва Севара Абдулҳакимовани ҳам жалб қилган.
Жамолиддин телеграм орқали ўзини аёл киши сифатида таништириб, Равшан билан мулоқотга киришган. Равшан танишган “Имона” исмли қиз билан 2020 йилнинг 7 май куни учрашишга келишган. Ўз вақтида каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлган Севара Абдулҳакимова учрашувга чиқиб, ўзини Имонанинг синглиси сифатида таништириб, опасининг олдига олиб боришини айтади ва Равшанни Жамолиддиннинг Юнусободдаги уйига олиб борган.
Уни уйда тахта билан қуролланган, юзига ниқоб тақиб олган Жамолиддин ва Мирмақсуд пойлаб туради. Келиши билан Равшанни уриб-тепиб, уни стулга боғлаб қўяди. Босқинчилар жабрланувчининг ёнидан 400 доллар ва 1 миллион сўм пулини олишади. Ундан яна пул талаб қилишади. Шунда Равшан телеграм орқали ота-онасига хабар юбориб, машина олиш учун 29 минг доллар кераклигини, уни бизнес ҳамкори Музаффар Сагатов орқали бериб юборишларини сўрайди.
Сурхондарёда ўгай ўғлини ўлдириб, ҳожатхона чуқурига кўмиб юборган шахс қўлга олинди
Жиноятчиларнинг таҳдиди остида бу гапларни отасига телефон қилганда ҳам такрорлайди. Музаффар Сагатов Равшаннинг телефонда берган кўрсатмаси асосида Юнусобод тумани Марказ-5 мавзесида ўзини “Азиз” деб таништирган Жамолиддин билан кўришиб, унга 29 минг долларни бериб юборган.
Жамолиддин оёқ-қўллари боғланган Равшанни машина юкхонасига жойлаштириб, Яшнобод туманида ижарага олган хонадонига олиб борган. Бу ерда ҳам Равшандан яна пул талаб қила бошлаган. Равшандан рад жавобини олгач, унинг юз ва бош қисмига уриб, бўйнидан бўғиб қасддан ўлдирган. Жамолиддин жиноятини яшириш мақсадида Қўйлиқ деҳқон бозоридан ёлланма ишчилар олиб келиб, ҳожатхона учун деб чуқур қаздирган. Сўнгра Равшаннинг боши, қўллари ва оёқларини танасидан ажратиб, бўлакларга бўлиб чуқурга кўмиб юборган.
Сирдарёлик тадбиркор ўз рақибини йўқ қилиш учун киллер ёллади
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукмига кўра, Жамолиддин Орифбоев Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в”, “и” бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; тамагирлик ниятида қасддан ўлдириш), 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси 4-қисмининг “а” банди (жуда кўп миқдорда босқинчилик), 169-моддаси 3-қисми “а” (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғрилик) бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга узил-кесил 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мирмақсуд Маҳкамов Жиноят кодексининг 164-модда 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.  Энди 15 йилни панжара ортида ўтказади.
Севара Абдулҳакимова Жиноят кодексининг 164-модда 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 13 йил қамоқ жазоси тайинланган. У 2014 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.