ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида ички ишлар ходимларининг кийимини кийиб юрган шахс жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, шаҳардаги 7-сон Тергов ҳибсхонаси атрофида ички ишлар органлари ходимларининг дала кийимини кийиб олган шахс ИИБ ходимларида шубҳа уйғотганлиги сабабли ундан хизмат гувоҳномасини тақдим этиш сўралган. У эса хизмат гувоҳномаси йўқлигини айтган.
Ушбу шахс Нарпай тумани Чақар қишлоғида яшовчи 23 ёшли Ш.М. эканлиги, эгнидаги кийимни тахминан 2 ой олдин 240 минг сўмга тиктиргани ойдинлашган.
Унинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-1-моддаси (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш)да кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати аниқланганлиги сабабли унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилган.
Ҳозирда ушбу шахснинг ҳаракатлари юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ички ишлар органлари ходимининг формасини кийиб, машина капотида сайр қилган йигит ва уни видеога йигитлар беш суткага қамалгани хабар қилинган эди.