Россиянинг Еврейск автоном вилоятидаги махсус табиат қўриқхонасида сақланаётган "президент йўлбарсларнинг" яқинда суратга олинган видеоси пайдо бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Узоқ Шарқ ҳудудидаги тайга ўрмонида бир неча ҳолсизланиб қолган йўлбарсчалар топиб олинган эди. Уларга Устин, Кузя, Боря, Светлая ва Илона деб ном беришган ва бир неча ой давомида парвариш қилишган эди.
Шундан сўнг, йўлбарсларнинг ҳар бирига уларнинг жойини аниқловчи бўйинбоғ тақилиб табиат қўйнига қўйиб юборилган эди. 2014 йилда Амур вилоятига ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин Кузя, Боря ва Илона исмли йўлбарсларни табиат қўйнига қўйиб юборишда шахсан иштирок этган эди. Шундан сўнг ушбу беш нафар амур йўлбарслари ОАВда "президент йўлбарслари" деб атала бошланган эди.
Табиатшунос олимлар йўлбарслар ортидан спутник орқали кузатиб бориши натижасида, Кузя ва Устин Россиядан Хитойга ўтиб кетишганини ва кейин яна қайтиб келганини аниқлашган. Илона исмли йўлбарс эса - умуман кўринмай қолган.
Ушбу видеотасвирларда анча катта бўлиб қолган Светлая, Филиппа ва яна икки ёш йўлбарслар акс этган. Еврейск автоном вилоятидаги қўриқхонада жами 20га яқин йўлбарслар бор.