ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Хоразм вилоятининг Гурлан туманида захирадаги экин ер майдонини сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Sputnik нашрига маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Гурлан тумани бўлимлари тезкор тадбир ўтказган. Унда Э.А. бошқа бир фуқарога укасининг номига электрон-онлайн аукционида ютиб олинган 5 сотих ер майдонига қўшиб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 19 сотих экин ер майдонини 50 минг долларга сотишга келишгани аниқланган.
Кейинчалик ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 20 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Э.А.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.