Гаитида президентга суиқасд уюштиришмоқчи бўлишди

Гаити президенти Жовенел Моиз мамлакатда давлат тўнтарилиши ва давлат раҳбарига суиқасд уюштиришнинг олди олинганини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Гаитида давлат тўнтарилиши ва мамлакат президенти Жовенел Моизга суиқасд уюштиришнинг олди олинди. Бу ҳақда маҳаллий “Haiti Libre” нашри хабар қилмоқда.
Президент Моиз брифинг давомида махсус хизмат ходимлари сабаб шанба куни давлат тўнтарилишига уринишнинг олди олинганини маълум қилди. У фитначилар уни ўлдиришни режалаштирганини қўшимча қилди.
Венесуэла президенти Мадурога суиқасд уюштирилди
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари давлат тўнтарилишини уюштиришга тайёргарлик кўришга алоқадор 20 кишини ҳибсга олган.
“France Presse” агентлигининг хабар қилишича, ҳукумат қўлга олинганлардан қурол-яроқни мусодара қилган. Адлия вазирининг сўзларига кўра, фитнада ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорларининг қўли бор.
Бир неча ой мобайнида Гаитида президент Моизнинг истеъфосини талаб қилиб, норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда радикал гуруҳлар ҳам қатнашмоқда. Ўтган ҳафта полиция билан тўқнашувлар чоғида камида беш киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши яраланди.