АҚШда Трамп баёноти ва Капитолийнинг ишғол қилиниши неча пулга тушгани ҳисоблаб чиқилди

АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг сайловлардаги сохтаталаштириш борасидаги баёноти, Капитолий ҳудудидаги тартибсизликлар қанча зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг сайловлардаги сохтаталаштириш борасидаги баёноти, тегишли даъволарни кўриб чиқиш ҳамда 6 январь куни Капитолий ҳудудидаги тартибсизликлар умумий ҳисобда америкалик солиқ тўловчиларга 519 миллион долларга тушди. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси федерал ва маҳаллий ҳукуматнинг харажат қайдларига таянган ҳолда хабар қилди.
Трамп америкаликлар билан хайрлашди
“Харажатлар ҳар куни ўсган, чунки барча даражадаги давлат тузилмалари Трамп ва унинг тарафдорларининг хатти-ҳаракатларига муносабат билдириш учун бюджет маблағларидан фойдаланишга мажбур бўлишган,  - дея ёзади нашр. – Харажатлар ўнлаб даъволарга оид суд божлари, таҳдидга жавобан сайлов комиссияси аъзоларини қўриқлашни кучайтириш, 6 январь куни Капитолий олдидаги исёндан сўнг қайта тиклаш ишларини ўз ичига олган”.
Хусусан, Вашингтонда март охирига қадар янги тартибсизликлар хавфи сабаб Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини жойлаштиришга 480 миллион доллар сарфланган. 28 миллион доллар атрофида 20 январь куни президент инаугурацияси арафасида хавфсизликни таъминлаш тадбирларига йўналтирилган. Бунгача 2,2 миллион доллар суд муҳокамалари ва сайлов комиссияси ходимларининг қўриқлашга кетган.
Нашрнинг тахмин қилишича, бу воқеалар ортидан етказилган зарар юқорида келтирилгандан зиёд ҳам бўлиши мумкин.
Олтинчи январь куни Дональд Трамп тарафдорлари, ўша пайтдаги амалдаги президент, Вашингтондаги митингдан кейин Капитолийга ҳужум уюштирди. Бу сайлов якунларини муҳокама қилаётган конгресснинг иши бир неча соатга тўхтаб қолишига олиб келди. Тартибсизликлар натижасида бир намойишчи ва полиция ходими ҳалок бўлди. Яна уч киши зўравонлик билан боғлиқ бўлмаган сабаб туфайли вафот этди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини намойишчиларни конгресс биносидан ҳайдаб чиқаргандан кейин Жо Байденнинг сайловдаги ғалабаси тасдиқланди. Кўп ўтмай конгресс вакиллари исёнга давъат этиш айблови билан Трампга импичмент эълон қилишди.