Ўзбекистонда ўқувчилар дарс пайти оёқларини партага чиқариб олишди - улар қандай жазоланди

Мактаб ички тартиб-қоидалари ҳамда ўқувчи этикасига риоя қилмаган уч нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан жарима жазоси қўлланилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев - Sputnik. Ижтимоий тармоқларда дарс вақтида мактаб синф хонасида оёғини парта устига қўйиб ахлоқсизлик қилган ўқувчи ва уларнинг ота-оналарига чора кўрилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги.
Жиззахда мактаб ўқувчиси ҳомиладор эканлиги аниқланди
Халқ таълими вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган дарс вақтида ахлоқсизлик қилаётган ўқувчиларнинг шахси аниқланди.
Мазкур ахлоқсизликлар Самарқанд вилоятидаги 77-мактабнинг 9-синф ўқувчилари томонидан содир этилганлиги аниқланди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия аъзолари ҳамда қатор мутасадди ташкилот вакиллари иштирокида ота-оналарнинг фарзандлари тарбиясида йўл қўйилган хатолари муҳокама қилинди. Ота-оналар фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлгани учун узр сўради. Ўқувчилар ахлоқсиз хатти-ҳаракатлари учун пушаймон эканлигини билдирди.
Мактаб ички тартиб-қоидалари ҳамда ўқувчи этикасига риоя қилмаган уч нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига мувофиқ жарима жазоси қўлланилди.
"Шу ўринда ота-оналардан фарзанд тарбиясидаги ҳар бир жараён муҳимлигини яна бир бор эслатган холда, уларнинг тарбиясига эътиборсиз бўлмасликларини, мактаб муқаддас даргоҳ, ўқитувчи эса доим эъзозли ва ҳурматли инсон эканликларини доимий равишда уқтириб боришларини сўраб қоламиз. Бу каби хатти-ҳаракатлар уларнинг келажагида салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин", - дейилади вазирлик мурожаатида.