ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Россия Ўзбекистонга мулкка қарши ҳамда гиёҳванд моддалари савдоси билан боғлиқ жиноятларда айбланаётган 10 нафар фуқарони топширди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Улар турли вақтларда Россия ҳудудида қўлга олинган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия томонига уларни топширишга оидга тегишли сўровларни йўллаган. Россия томони ўз навбатида сўровларни қаноатлантирган. Махсус посбонлар ҳамроҳлигида жиноятчилар Тошкентга олиб кетилган.
Ўзбекистонга жўнатилганлар орасида фирибгарлик йўли 27 минг долларни ўзлаштирган Аъзамхон Тожихўжаев, ишга киритиб қўйиш баҳонаси билан 19 кишини чув туширган Толиб Сиддиқов ҳам бор.
Шунингдек, Россия Бош прокуратураси Ўзбекистонга хавфли рецидивист Бахтиёр Машраповни жўнатган. У Фарғонада фирибгарлик йўли билан бировнинг 1450 долларини ўзлаштиргани учун судланган. Унга 2 йил 11 ой 8 кун озодликдан чеклаш ва 25 836 000 сўм миқдорда жазо тайинланган.
Машрапов жазони ўташдан бош тортгани учун унинг ўталмаган жазо қисми озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган. Шундан кейин у халқаро қидирувга берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия махсус рейс билан Ўзбекистонга жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш учун 56 нафар фуқароларни жўнатган эди.