Тошкент вилоятида дўппосланган 2,5 ёшли қизча вафот этди

Қизчанинг онаси билан ижара уйда никоҳсиз яшаб келаётган эркак хархаша қилган норасидани уриб ўлдириб қўйган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 2,5 ёшли қизча вафот этди, унинг ўлимида онаси никоҳсиз яшаб келган эркак гумонланмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Содир этилган қотиллик Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинган.
Гумонланувчининг сўзларига кўра, у таниши З. ва унинг 2018 йилда туғилган қизи билан бир неча ойдан буён ижара уйда яшаб келган.
“14 январь куни эса З. қизини уйда қолдириб дўконга чиқиб кетган. Шу вақтида бола йиғлаб хархаша қилгани учун уни тинчлантириш мақсадида А. боланинг бош қисмига урган ва шу билан қизалоқ жим бўлиб қолган”, - дейилган хабарда.
Ҳолат юзасидан тайинланган экспертиза хулосасига кўра, қизалоқ олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этгани тасдиқланган.
Гумонланувчи йиғилишда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, халқдан узр сўраган.
Вилояти ИИББ бошлиғи ўз сўзида шаҳар ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар етарли даражада ташкил қилинмагани, шу каби назоратга ҳам олинмаганини биргина шу жиноят мисолида кўрсатиб берган.
Самарқанд вилояти туманларидан бирида эркак таниш аёлини боғда уриб ўлдириб қўйди
Шунингдек, шаҳарнинг асосий кўчалари ва бошқа тадбиркорлик субъектларида камераларнинг ўрнатилмаганлиги, ўрнатилганларининг ҳам айримлари ишдан чиққанлиги, асосан ҳудудий ИИБ масъуллари, профилактика инспектори ва маҳаллари раисининг эътиборсизлиги жиноятга олиб келганлиги маълум қилинди.
Арипов хизматида камчиликларга йўл қўйган ҳудудий профилактика инспектори ва маҳалла раисига ҳайфсан интизомий жазосини берган. ИИББ ва шаҳар ИИБ масъулларини қаттиқ огоҳлантирган.
Шаҳардаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятни жиловлаш юзасидан алоҳида чоралар кўриш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.