ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Президент томонидан ўз ихтиёрига кўра маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди.
Фармонга кўра, президентнинг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг Фуқаролик, афв этиш ва сиёсий бошпана бериш масалалари бўйича шўъбаси – Ўзбекистон президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг фуқаролик ва афв этиш шўъбаси этиб ўзгартирилди.
Эндиликда президент маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахснинг афв этишни сўраб ёзган илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин.
Бу ҳақда Шўъбага президентнинг топшириқ хати юборилади.
Шўъба президентдан топшириқ хатини олган кундан эътиборан 1 иш куни ичида президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича Комиссияси аъзоларига мажлис ўтказилиши куни ва жойи ҳақида хабар беради.
Комиссия мажлиси якунида бўйича Шўъба томонидан маҳкумларни ёки жазони ўтаб бўлган шахсларнинг шахсини ва ҳужжатларини ўрганиш учун ишчи гуруҳлар шакллантирилади ва уларнинг жойларга чиқиши ташкил этилади.
Ишчи гуруҳ Комиссия муҳокамасига киритиш учун ҳужжатлари ажратиб олинган маҳкумлардан ёки жазони ўтаб бўлган шахслардан уларга нисбатан афв этиш масаласи кўриб чиқилишига эътирози йўқлиги ҳақида розилик хати олади. Розилик хатига зарур ҳужжатлар илова қилинади.
Маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс розилик хатини ёзмаган тақдирда, унинг ҳужжатлари Комиссиянинг муҳокамасига киритилмайди.
Комиссия ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган ҳужжатларни муҳокама қилиб, афв этилиши мумкин бўлган маҳкумлар ёки жазони ўтаб бўлган шахслар бўйича баённома қарорини қабул қилади ва президентга таклиф киритади.
Комиссиянинг маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этишга тавсия қилишни рад этганлиги, уларга келгусида афв этишни сўраб илтимоснома билан мурожаат қилишга монелик қилмайди.