ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. “Яллама” чегара-божхона постида товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар қилмоқда.
Агентлик, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказган. Унда Хитой давлатидан Қозоғистон орқали мамлакатга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларидан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳи фош этилган. Жиноятчилар пост орқали ўтишлари жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб пул олиб келган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур жиноий гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товар-моддий бойликлар импорти билан ҳам шуғулланганлиги аниқланди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 6 та манзилда тинтув ўтказилган. Натижада улардан 410 минг доллар, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, тергов ҳаракатлари доирасида гуруҳ фаолиятига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.