ТОШКЕНТ, 26 янв - Sputnik. Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ахборот хизмати мусулмон, католик ва православ динлари вакиллари иштирокида "Биз соғлом турмуш тарафдоримиз" номли тарғибот видео ролиги тарёрлади.
"Соғлиқ ва ақл бу Худонинг бизга берган совғасидир. Ушбу совғани биз асраб авайлаб фойдаланишимиз керак. Шунингдек соғлом овқатланишимиз, соғлом турмуш тарзи олиб боришимиз жуда муҳим", - дейди Ўзбекистондаги Католик черкови вакили Ежи Мацулевич.
"Муқаддас китобларда ёзилишига кўра, жисмоний машқлар билан шуғулланиш биз учун жуда фойдали. Ана шундагида биз узоқ ва самарали умр кечиришимиз мумкин. Лекин руҳимизни чиниқтириш ва яқинларимизга ёрдам беришимиз ҳам керак", - деди Тошкентдаги рус православ черкови вакили Стаценко Сергей.
"Инсон танаси Худонинг бизга берган бебаҳо омонатидир. Бизнинг вазифамиз уни асраб авайлаш, саломатлигимизга бефарқ бўлмаслигимз, меъёрида овқатланишимиз ва спорт билан шуғулланишимиз керак. Қуръонда кучли мўмин кучсиз мўминдан афзал экани ҳам таъкидланган.
Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам чапдаст ва бақувват бўлганлар ва бизларни ҳам ана шундай бўлишга даъват қилганлар. Фарзандларимизни от миниш, сузиш ва камон отишни ўрганишни тавсия қилганлар" - деди Тошкент шаҳри бош имоми Нуриддин Холиқназаров.
Ушбу тарғибот ролиги "Ўзбекистон 24", "Маданият ва маърифат", "Маҳалла", "Оилавий", "Ёшлар", "Севимли", "Му5", "Узрепорт" телеканаллари орқали мунтазам намойиш этилмоқда.