Жиззахда қулаган бинонинг қолган қисми ҳам бузиб ташланмоқда

Бинонинг қолган қисми ҳам талабга жавоб бермаслиги ва одамлар соғлиғига хавф туғдириши мумкинлиги инобатга олиниб, тадбиркорнинг ўз ҳисобидан бузиб ташланмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Жиззах шаҳрида январь бошида қулаган 6 қаватли бинонинг қолган қисми бузиб ташланмоқда. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
“Жиззахда қулаган 6 қаватли бинонинг қолган қисми ҳам талабга жавоб бермаслиги ҳамда яқин орада қулаб, одамлар соғлиғига хавф туғдириши мумкинлиги инобатга олиниб, тадбиркорнинг ўз ҳисобидан бузиб ташланмоқда”, - дейилган вазирлик хабарида.
Бино 10 январ куни қулаб тушган эди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилган.
Жиззахда янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушди – ҳозир нималар маълум
Комиссия зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилгани, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган.
Бош прокуратура Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши очилганини маълум қилди.