ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ногиронлар ва қарияларни парваришлаш билан шуғулланувчи немис фирмаларидан бирининг раҳбари коронавирусга қарши эмланишдан бош тортганлик учун етти нафар ходимини ишдан бўшатди. Бу ҳақда “Bild” газетаси хабар қилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Германияда эмланиш ихтиёрий бўлишига қарамасдан, бу коронавирус инфекциясига қарши эмланишдан бош тортганлик учун ходимларнинг ишдан бўшатилишининг биринчи ҳолатидир. Ходимларини ишдан бўшатгандан кейин фирма бошлиғи Рене Вильмерга эмланишга қарши чиқаётганлар тарафидан таҳдидлар қилина бошланган. Улар ҳатто ўлдириш билан таҳдид қилишган.
Вильмер вакцина олиб келиши биланоқ ходимларидан эмланишни талаб қилган. Германияда ногиронлар ва қарияларни парваришлаш хизмати ходимлари вакцинани биринчи навбатда олувчилар гуруҳига киради. Уч киши эмланишдан бош тортган, яна тўрт киши бир тўхтамга келолмаган. Фирма раҳбари уларга қарор қабул қилиш учун икки кун муҳлат берган. Аммо ходимлар эмланмаган ва буларнинг ишдан ҳайдалишига сабаб бўлган.
“Мен мижозларимизни ҳимоялаш учун барча ишни қиламан. Бу бурчимдир”, - дея ўз қарорини асосланган Вильмер.
Германияда 2 миллиондан ортиқ киши коронавирус билан касалланган. 47 мингдан зиёд киши вафот этган. Мамлакатда COVID-19 га қарши эмланиш 27 декабрь куни бошланди. 1,3 миллион аҳоли аллақачон эмланган.