Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг 8-9 қаватлари бузилади

Маданият вазирлиги ҳамда "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК билан биргаликда бино баландлиги ҳамда шаҳарсозлик нормаси бўйича хулоса берилган. Бинони бузиш бўйича буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда мулк эгаси томонидан бузилиш белгиланган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 янв - Sputnik. Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси Фирдавсий кўчасида жойлашган бино шаҳарнинг тарихий муҳофаза зонасида жойлашганлиги сабаб, фойдаланишга қабул қилинмагани ва 7-қаватдан юқори қисми буюртмачи томонидан бузилиши ҳақида маълум қилган.
Қурилиш ва “яширин иқтисодиёт”: ҳуқумат қарори лойиҳаси тайёрланди
Сал аввал ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Фирдавсий кўчаси 84-манзилда қурилган янги кўп қаватли уйда қурилиш-таъмирлаш ишларида камчиликлар борлиги, аҳоли бинога яқинда кўчиб ўтганига қарамай, бузила бошлаганлиги, аксарият фуқаролар хонадонларини ўзлари қайтадан таъмирдан чиқарганликлари тўғрисида хабарлар тарқалган.
Самарқанд шаҳридаги ушбу 534 хонадонга мўлжалланган мазкур кўп қаватли бино "Пастдарғом қурилиш моллари" МЧЖ томонидан қурилган. Пишиқ ғиштдан қурилган 9 қаватли уй-жойнинг 392 таси сотилган, 104 хонадон эгалари ўз уйига кўчиб кирган.
Объект республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб, Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли турар-жой биносининг 8-9 қаватлари бузилиши белгиланган.
Ўзбекистонда қурилиш соҳаси рақамлаштирилади: у қандай бўлади
Қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмаганлиги ва республика ишчи гуруҳи томонидан қўйилган талаб бажарилмаганлиги сабабли мазкур объект инспекция томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 13 мартда шаҳар иқтисодий судига бинонинг 8-9-қаватларини бузиш тўғрисида даъво аризаси киритилган. Суднинг 2019 йил 8 майдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган.
Маданият вазирлиги ҳамда "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК билан биргаликда бино баландлиги ҳамда шаҳарсозлик нормаси бўйича хулоса берилган. Бинони бузиш бўйича буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда мулк эгаси томонидан бузилиш белгиланган.
Бугунги кунда мазкур объект Самарқанд шаҳри тарихий марказининг мухофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли қурилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, яъни Маданий меърос бошқармаси талабларига мувофиқ объектнинг баландлик масаласи кўриб чиқилмоқда, дейилади хабарда.