ТОШКЕНТ, 16 янв - Sputnik. Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризми индустриясини янада такомиллаштириш мақсадида зиёратчиларга қатор қулайликлар яратилиб, хизмат кўрсатиш тизимлари учун алоҳида тартиблар белгиланди.
"Uzbekistan Airports" АЖ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастур асосида зиёратчиларни ташиш бўйича мамлакат халқаро аэропортларида хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари учун эълон қилинган тарифларга 50%гача чегирмалар жорий қилинади.
Шунингдек, парвозлар кўламини кенгайтириш ва Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга имтиёзлар берилиши ҳам кўзда тутилди. Унга кўра, хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари бўйича эълон қилинган тарифларга 30%гача табақалаштирилган чегирма қуйидаги ҳолларда тақдим этилишини маълум қиламиз:
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортларига янги йўналишлар бўйича парвозларни йўлга қўйиш ва уларни ривожлантириш таклифи билан илк бор мурожаат қилган хорижий авиакомпаниялар учун;
- Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий аэропортларига (аэропортларидан) парвозларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларнинг янги йўналишлари учун;
- мавжуд парвозлар сонидан ташқари шу йўналиш бўйича қўшимча қатновлар учун.