ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов TikTok ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилиб, уларни огоҳлантирди.
“Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида турли масхараомуз, одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеоларини кўплаб кузатяпмиз. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизнинг тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмсангиз, биз бундай ахлоқсизликка йўл қўймаймиз. Эсингизда бўлсин, фарзандингизга ҳам буни уқтиринг”, - дейди Шоҳрух Ғиёсов.
У фуқароларнинг осойишталигини, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланиши ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланишини эслатган.
“Огоҳлантирамиз, фарзандларингизни назорат қилинг. Ёшлигидан талтайтириб, кейин афсусланиб юрманг”, – дея сўзларига якун ясади Ғиёсов.