ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми 10 январь куни соат тахминан 17:15 да қулаб тушди.
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг бирламчи маълумотларига кўра, фойдаланишга топширилмаган мазкур бино 6 қаватли бўлиб, хусусий тадбиркор томонидан устки 4 қавати яшаш учун тураржой, пастки 2 қавати нотураржой, яъни дўкон сифатида қурилаётган бўлган.
Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, 3-6 қаватлари 11 та хонадондан иборат бўлган бинонинг 240 кв.м. иборат бўлган 7 та хонадони қулаб тушган.
ФВВ ва Бош прокуратура маълумотларига кўра, воқеа натижасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Шундай бўлишига қарамасдан, ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш борасида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бинонинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди. Унга бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилади.
Комиссия таркибига Прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда лойиҳа ташкилотлари киритилган.
Ушбу Ҳукумат комиссияси зиммасига, 6-қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилганлиги, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган.
Ҳукумат комиссияси кечанинг ўзидан ўз ишини бошлаган.