ТОШКЕНТ, 24 июн - Sputnik. Қарши шаҳрида янги қурилаётган меҳмонхона конструкцияси қулаши оқибатида бир ишчи ҳалок бўлди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Хабарда таъкидланишича, куни кеча маҳаллий вақт билан 21.30-да янги қурилаётган беш қаватли меҳмонхонанинг кўтариб турувчи темир-бетон конструкцияси қулаб тушган. Дастлабки маълумотларга кўра, бир ишчи ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Қурилиш вазирлиги сал ўтмай ушбу объект ноқонуний қурилиш бўлгани ҳақида расмий баёнот эълон қилди.
Вазирлик аниқлик киритишича, Қарши шаҳар И.Каримов кўчасидаги "Насаф Травел" меҳмонхонаси биносининг ўнг томонидан қўшимча қурилаётган 5 қаватли янги қурилиши якунланмаган бинонинг том қисмидаги бетон плита қулаб тушган.
Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари ушбу объектидаги қурилиш ишлари ноқонуний олиб борилганини очиқлаган.