UzIMEI тизими жорий қилинишига нима сабаб бўлди

Эндиликда Ўзбекистон ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи импортерлар уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази” ДУК директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Шокиров UzIMEI тизими жорий қилиниши сабабларини санаб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Шокировнинг сўзларига кўра, 2019 йил ноябригача аксарият смартфонлар ва бошқа турдаги мобил қурилмалар мамлакатда ноқонуний олиб кирилган. Бошқача қилиб айтганда, бу бизнес яширин иқтисодиёт йўналишларидан бири ҳисобланган.
“Ўзбекистонда 2019 йил ноябрига қадар мобил қурилмалар контрабандаси гуллаб-яшнаган. У олиб кирилаётган маҳсулотлар умумий ҳажмининг 87 фоизига етган. Уяли алоқа компаниялари ҳар йили миллионлаб янги абонентлар ҳақида ҳисобот берарди, бироқ республика чегарасини расмий равишда 50-60 минг дона телефон кесиб ўтарди. Аҳоли фойдалаётган қурилмаларнинг сифати, техник кафолати ва хавфсизлиги масалалари ҳақида кўпчилик қайғурмасди. Бу масалаларга эътибор қаратиш давр талабидир. Ва бу UzIMEI тизимини яратишнинг асосий заминларидан бири бўлди”, - деди Шокиров.
Шокиров маълумотларига қараганда, UzIMEI тизими жорий қилиниши билан уч чорак мобайнида бир миллиондан ортиқ девайс декларация қилинган.
“Шу билан бирга, биз эришган ютуқларимизда тўхтаб қолмоқчи эмасмиз, ҳар қандай инновацион ечим каби UzIMEI тизими фойдаланувчилар фойдасига узлуксиз такомиллашиши зарурлигини яхши англаймиз”, - деди у.
Ҳукумат 2020 йил 31 декабрдаги 828-сонли қарори билан Ўзбекистонда фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Ўзбекистонда IMEI кодсиз телефонлардан фойдаланиш таъқиқланади
Эндиликда Ўзбекистон ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўладилар.
Агар мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI-коди қурилма эгаси томонидан қуйидаги ҳаракатлар бажарилганидан сўнг тизим оператори томонидан 3 иш соати мобайнида бепул амалга оширилади.
- мобил қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан мурожаат қилиши;
- IMEI кодининг ушбу мобил қурилмага ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш (мобил қурилма клавиатурасида *#06# кодини ёзиб олинган IMEI кодининг экран тасвирини тақдим этиш);
- анкета тақдим этиш.
Агар 2019 йил 1 ноябрдан кейин аризага асосан рўйхатга олинган бўлса, жараён 3 соат иш вақтида тўлов асосида амалга оширилади.
Чет эл фуқароси томонидан мобил қурилмалар IMEI-кодларини тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга олинади.
Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.