ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) боксчиларнинг 2020 йил декабрь ойи якунлари бўйича янгиланган рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Рейтингдан 6 нафар ўзбекистонлик боксчи ўрин олган.
Рейтингда боксчи Муроджон Аҳмадалиев иккинчи енгил вазн тоифасида (-55,3 кг) чемпион сифатида қайд этилган.
Биринчи ярим ўрта вазн тоифасидан (-63,5 кг) икки нафар ўзбекистонлик ўрин олган. Янгиланган рейтингда Рио-2016 Олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов 6-поғонада қайд этилган бўлса, яна бир боксчи Шоҳжаҳон Эргашев 8-ўринни эгаллаб турибди.
Биринчи ўрта вазн (-69,85 кг) тоифасидаги Исроил Мадримов 1-ўринда қайд этилган ва у чемпионлик камари учун биринчи рақамли даъвогарга айланган.
Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги боксчи Бектемир Мелиқўзиев (-76,2 кг) ноябрь ойида ажойиб ғалабага эришган бўлса-да, ҳамон 14-ўринда бормоқда.
Ярим оғир вазн тоифасида (-79,3 кг) рингга кўтарилаётган Рустам Тўлаганов ҳам аввалги ойдаги ўрнини сақлаб қолган – 14-ўрин.