Ўзбекистонда каршеринг пайдо бўлади

10 январдан каршеринг ташкилотлари нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан автомобилларни 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Ўзбекистонда каршеринг – автомобилларни қисқа муддатли ижарага бериш хизмати йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.

2021 йил 10 январдан каршеринг ташкилотлари нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситалари махсус таниқлик белгига эга бўлиши шарт. Автомототранспортларни қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолият Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига киритилади.

Автомобиль ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилади, 73 та акциз солиғи бекор қилинади

Шунингдек, автомототранспорт воситаларини каршеринг ташкилотларидан ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида мазкур ташкилотларга “Маъмурий амалиёт” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти берилади.

Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган мототранспорт  ва велосипедда ҳаракатланишни тақиқловчи йўл белгилари танқидий таҳлил қилиниб, тегишли ҳаракат йўналишларида уларни олиб ташлаш чоралари кўрилади.

Транспорт вазирлиги мамлакатда велосипед транспорти, велоинфратузилма, велошеринг (байкшеринг) фаолиятини (ижарага бериш) ривожлантиришни режалаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.