Британияда аниқланган коронавируснинг янги мутацияси дунёни саросимага солмоқда

Янги штамм одатийга нисбатан тезроқ тарқалади. Европаликлар ўз чегараларини ёпмоқдалар. Вируснинг янги мутацияси ҳақида нималар маълумлиги ҳақида ҳикоя қиламиз
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Буюк Британияда SARS-CoV-2 янги мутацияси аниқланди. Мамлакат бош вазири Борис Жонсон баёнотига кўра, янги штамм жуда катта тезликда тарқалмоқда ва аҳолидан катта эҳтиёткорликни талаб қилади.

Ўзбекистон қатор давлатлар билан халқаро авиарейсларни тўхтатмоқда

Хусусан, 14 декабр куни Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкок олимлар мамлакатда коронавируснинг мутацияга учраган турини аниқлашгани ҳақида хабар қилган эди.  Ўша вақтда Қироллик жанубида янги штамм билан беморланганлар сони мингтага яқин бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган эди.

19 декабр куни шошилинч ташкил этилган матбуот-анжуманида бош вазир Борис Джонсон SARS-CoV-2нинг янги штамми — касалликнинг дастлабки вариантига нисбатан 70% юқумлироқлигини маълум қилганди.

Ҳукумат маслаҳатчиси сэр Патрик Валлан сўзларига кўра, коронавируснинг янги тури олдингисига нисбатан 23 та фарқга ҳамда катта тезликда тарқалиш хусусиятига эга.

Мигрантларни эмлаш учун “Спутник V” вакцинасини етказиб бериш тўғрисида битим имзоланди

20 декабр куни Борис Жонсон Лондон ва Британияда жанубида чеклов чоралари кучайтирилиши ҳақида эълон қилган эди.

Янги штамм Буюк Британияда пайдо бўлганми ёки четдан олиб кирилганми, ҳозирча маълумотлар аниқ эмас. Аммо вируснинг янги мутациясини Дания, Нидерландлар ва Австралияда аниқлашган.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда тарқалган коронавируснинг янги штаммлари тўғрисидаги хабарлар фонида Ўзбекистон айрим давлатлар билан халқаро рейсларни тўхтатди.

Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан, жорий йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилади.

Коронавирус тиканлари қандай бўлади - юқори аниқликдаги сурат

Шу билан бирга, Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистонга киритилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.

Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади.

Ўз навбатида Республика махсус комиссияси фуқароларимизнинг ўзи ва оила аъзоларининг соғлиғини асраб-авайлаш мақсадида кириб келаётган янги йилни оила даврасида кутиб олиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтади.