ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Ўзгидромет ҳафталик об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Бугун ва эртага Ўзбекистонда об-ҳаво шароитини дам олиш кунлари ҳудудга кириб келган қуруқ ва деярли совуқ антициклон ҳаво массалари белгилайди. Барча вилоятларда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда, кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари 0-5° совуқ, кундуз кунлари 0-5° илиқ атрофида, баъзи жойларда 7° илиқгача бўлади.
23 декабрда Кавказ ҳудудларидан кириб келган бироз нам ҳаво массалари республика ҳудудлари бўйича силжийди. Республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат марказий ҳудудлар бўйича баъзи жойларда бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.
24-25 декабрда мамлакат ҳудудига Эрон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари келади. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига келиб, кундуз кунлари ҳаво 7-12° илиқгача исийди.
Ҳудудларнинг кўп қисмида шу кунларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига 25 декабрда жанубий циклон кириб келиши бошланади, бунинг ҳисобига Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида асосан ёмғир кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин.