Қаршида 13 нафар ўсмир ис газидан заҳарланди

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 дек - Sputnik. Қаршида 13 нафар ўсмир ис газидан заҳарланганиши бўйича терговга қадар текширув бошланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот-хизмати.

Қорақалпоғистонда бир кечада олти киши, жумладан икки бола ис газидан заҳарланиб ўлди

Маълумотларга кўра, бугун 19 декабрь куни эрталаб Қарши шаҳридаги хусусий ўқув марказларидан бирининг ётоқхонасида яшовчи 13 нафар ўсмир ётоқхонага ўрнатилган газ билан ишлайдиган иситиш қозонидаги носозлик сабабли заҳарланишган.

Кўрсатилган тез тиббий ёрдамдан сўнг уларни барчасининг аҳволи яхшиланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Текширув олиб борилиши устидан Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

Ноябр ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов 2020 йилда ис гази ва газ портлашидан жабр кўрган фуқаролар сони ҳақида маълумот берган эди.

Унга кўра, 2020 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 52та ҳолат содир бўлиб, уларда 69 нафар фуқаро жабрланган, 61 нафари вафот этган. Газ портлаши билан боғлиқ 12та ҳолат кузатилиб, уларда 147 нафар фуқаро жароҳатланган, 19 нафари вафот этган.