ТОШКЕНТ, 17 дек - Sputnik. Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов жорий йилнинг 14 декабрь куни Москва шаҳрига амалий ташрифи чоғида Россия Федерациясининг қайта тайинланган Энергетика вазири Николай Шульгинов билан учрашди.
Султонов Шульгиновни Россия Федерацияси энергетика вазири лавозимига тайинлангани билан қутлади. У Ўзбекистон учун Россия компаниялари билан ёқилғи-энергетика тармоғида ҳамкорлик қилиш стратегик аҳамият касб этишини қайд этди.
Шунингдек Ўзбекистон Энергетика вазири Россиянинг молиявий институтлари билан энергетика лойиҳаларига маблағлар жалб қилиш борасидаги ўзаро муносабатлар ривожининг ижобий динамикасини қайд этди.
Ўзбекистон энергетика компанияларининг ишлаб чиқариш ва молиявий жараёнларини рақамлаштириш ҳамкорликнинг яна бир муҳим янги йўналиши ҳисобланади.
Ўз навбатида, Н.Шульгинов нефт-газ соҳасида томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, у Россия энергетика компаниялари мавжуд лойиҳалар билан ўзаро ҳамкорликни чекламайди ва Ўзбекистон билан ёқилғи-энергетика комплексининг барча соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун тайёр эканлигини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасида РФ Ташқи иқтисодий банки молиявий қўмагида 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Янги мини ГЭС (Дарғом каналида ва Қуйичотқол ГЭС таркибида)лар, амалдаги Фарҳод ва Тўпаланг ГЭСларнинг модернизацияси шулар жумласидан. Гидроэнергетика соҳасидаги яна бир қатор лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Икки мамлакатнинг нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорлиги узоқ йиллик тарих ва муҳим истиқболларга эга. “ЛУКОЙЛ” компанияси томонидан икки МТБ (маҳсулот тақсимотига доир битим) доирасида “Қандим” ва “Ҳисор” конларида 2004-2020 йилларда 84,4 млрд. куб метр табиий газ қазиб олинди. Мазкур лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган инвестициялар миқдори 7,4 млрд. доллардан ошди.
“Газпром” компанияси билан “Шоҳпахта” ва “Жел” конларида қазиш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, “Шоҳпахта” конидан 4,53 млрд. куб метр табиий газ қазиб олинган. Бундан ташқари, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони бўйича МТБни амалга ошириш доирасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
“ЛУКОЙЛ” ОАЖ билан ҳамкорликда геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича ҚК ташкил қилиш жараёни давом этмоқда. Ҳозирги вақтда потенциал сармоявий блоклар кўриб чиқилмоқда.