Ўзбекистон ташқи қарзи 30 млрд долларга яқинлашмоқда

Ўтган тўққиз ой мобайнида мамлакат ташқи қарзи 19,7 фоизга ёки 4,8 млрд долларга ошган. Умумий ташқи қарз давлат ва хусусий сектор қарзларидан иборат.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. 2020 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 29,3 млрд долларни ташкил қилди. Бундан Марказий банк маълумотлари дарак бермоқда.

Ўзбекистон ташқи қарзи кўпми ёки кам?

Ташқи қарз 2020 йил бошидан 19,7 фоизга ёки 4,8 млрд долларга ошган.

“Ушбу жараён COVID-19 вирусинингтарқалиши оқибатида юзага келган инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ҳамда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланиши мумкин”, - дейилади Марказий банк ҳисоботида.

Умумий ташқи қарз давлат ва хусусий сектор қарзларидан иборат.

Биринчиси 18,7 миллиард долларни ташкил этиб, 2,9 миллиард долларга ошди. Хусусий сектор ташқи қарзи 10,6 миллиард долларни ташкил этиб, 1,9 миллиард долларга ошди.

Ўзбекистон ташқи қарзи 30 млрд долларга яқинлашмоқда

Шу билан бирга, 9 ой мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 454,8 млн доллар миқдордаги асосий қарз ва 263,4 млн доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.

Хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 1,3 млрд доллар ва фоиз тўловлари бўйича 242,1 млн долларни ташкил қилди.