Тошкентда совуқ сув тарифларини кескин ошириш таклиф қилинмоқда

Ҳужжатнинг лойиҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, ташқи қарзларни ўз вақтида қайтариш, тармоқлар ва иншоотлардаги носозликларни вақтида бартараф этиш мақсадида амалда бўлган тарифини ошириш мақсадга мувофиқлиги баён қилинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Тошкент ҳокимининг “Тошкент шаҳрида ичимлик сув таъминоти ва оқава сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатнинг лойиҳасида кредиторлик қарзини камайтириш, лойиҳаларни амалга ошириш, ташқи қарзларни ўз вақтида қайтариш, тармоқлар ва иншоотлардаги носозликларни вақтида бартараф этиш мақсадида “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖнинг амалда бўлган тарифини ошириш мақсадга мувофиқлиги баён қилинган.

Карантинда сув таъминоти учун тўловлар 10 баравар камайиб кетди

Таъкидланишича,  “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ 2019 йилда молиявий иқтисодий фаолиятдан 58,8 млрд сўм ҳамда 2020 йил 8 ойлигида 21,3 млрд сўм зарар кўрган.

Ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун нархлар (тарифлар) қайта ишлаб чиқилиб, кўриб чиқиб хулоса олиш учун монополияга қарши курашиш ва нархларни тартибга солиш органларига тақдим қилинган.

Жамиятнинг молиявий аҳволидан келиб чиқиб, жамият томонидан тақдим қилинаётган  ичимлик суви ва канализация хизмати учун ишлаб чиқилган тарифларни қайтадан кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилади.

Лойиҳада таклиф қилинаётган янги тарифлар:

1 метр куб ичимлик суви учун:

  • аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (ҚҚСсиз) 310 сўмдан 500 сўмга (161,2%);
  • тижорат ташкилотлари учун 730 сўмдан 1 500 сўмга (205,4%).

Канализация хизматлари учун тарифлар:

  • аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (ҚҚСсиз) 250 сўмдан 350 сўмга (140%);
  • тижорат ташкилотлари учун 460 сўмдан 820 сўмга (178,2%).