Ўзбекистон ва ЕОИИ

Депутатлар Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги қўллаб-қувватланди – Қонунчилик палатаси.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ЕОИИ остонасида: республикани нима кутмоқда ва Тожикистон унга эргашадими?

Кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқишдан аввал депутатлар бир неча ойлардан бери олиб борган саъй-ҳаракатлари мантиқий ечим топганлигини ва шу йил 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Евроосиё иқтисодий иттифоқи таркибида кузатувчи мақомини олганлиги иштирокчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланганлигини мамнуният билан таъкидладилар.

Сўзга чиққан барча фракцияларнинг вакиллари ЕОИИ билан иқтисодий ҳамкорликда фаолият кўрсатишга ҳозирлик кўриш зарурлигини қайд этдилар.

Депутатларнинг бир неча ой давомида олиб борган ўрганишлари, масалага ҳар томонлама чуқур ёндашувлари натижасида мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Қолаверса, Ўзбекистон саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва транзит соҳасида ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқиш, меҳнат миграцияси тизимида яқиндан ҳамкорлик қилиш каби муҳим омиллар ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш учун асос бўлди.

Ўзбекистон илк бор Олий ЕОИИ Кенгаши йиғилишида – онлайн трансляция

Депутатларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат мақомида бўлиши интеграциялашув жараёнининг дастлабки босқичи бўлиб, ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш, миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш, миллий қонунчиликни Иттифоқ қонунчилиги билан уйғунлаштиришда қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритишларни ўрганиш ва тайёргарлик кўриш учун зарур имконият ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги ташқи савдо айланмасининг ортиши, иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигининг кучайиши ҳамда хорижий давлатларда меҳнат қилаётган ватандошлар ҳуқуқларининг ҳимояси мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Қишлоқ хўжалигида божхона тартибларини соддалаштириш ҳисобидан ЕОИИ давлатларига Ўзбекистондан кўплаб товар ва маҳсулотларни, шу жумладан минглаб тонна мева-савзавот маҳсулотларини етказиб бериш учун кенг имкониятлар очади. Шунингдек, халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш учун тартиблари соддалаштирилади, йўловчиларнинг, юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши таъминланади.