ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Энергетика вазирлиги нима учун турли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин бир нархда сотилмаслиги, нима учун баъзан олиб кирилаётган бензин партияси маҳаллий бензиндан арзонроқ бўлиши ҳам мумкинлигига жавоб берди.
Вазирлик Ўзбекистонда 2020 йил 1 майдан бошлаб турли маркадаги бензин ва дизель ёқилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинганини эслатган.
1 майдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан АЁҚШлар бензинни биржа савдолари орқали сотиб олмоқда.
Шу сабаб бензин нархлари турли АЁҚШларда фарқ қилиши мумкин, чунки бу у ҳар бир АЁҚШ томонидан қанчага сотиб олинганига боғлиқ.
“Шу тариқа, бензин нархининг шаклланиши Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ёки бошқа давлат тузилмаларига эмас, балки ишлаб чиқарувчи (маълум бир нефтьни қайта ишлаш заводи)нинг бошланғич баҳоси, таклиф (биржа савдоларига қанча бензин қўйилган) ва унга бўлган талаб (харидорлар қанча сотиб олиши)га боғлиқ”, - дейилган хабарда.
Нега баъзан импорт бензин маҳаллий бензиндан арзонроқ?
Таъкидланишича, 1 майдан бошлаб импорт қилинган бензин партиялари ҳам савдолар орқали сотилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам савдоларга анча паст нархда қўйилиши мумкин.
“АЁҚШлар бундай бензинни бу партия тугамагунча сотишлари мумкин. Бу ерда сўз бир мартталик етказиб бериш ва импорт қилинаётган бензин етказиб берувчининг ҳар бир партияга оид келишуви тўғрисида сўз бормоқда. Бу бозор муносабатларидан далолатдир, бунда худди шу АЁҚШ томонидан қандай бензин қандай нархда сотилиши фақат биржага боғлиқ бўлади”, - дейилган Энергетика вазирлиги хабарида.
Маълум қилинишича, бензин ва дизель ёқилғисини сотишнинг бозор механизми нефтни қайта ишлаш заводлари ва АЁҚШларга соғлом рақобат шароитида фаолият юритиш имкон беради. Ҳозирги вақтда бензин нархининг ошиши ёки камайиши маълум бир талаб ва таклифга боғлиқ.
Хусусан, бозор механизми жорий этилганидан сўнг 3 майнинг ўзидаёқ “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖда ўтказилган савдолар савдога қўйилган бензин нархи тушганини кўрсатган.
“Биржа савдоларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базалари, автомобилга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари ва ўз эҳтиёжи учун бензин сотиб олувчи юридик шахслар иштирок этади. Савдолар эркин, шаффоф ва барча тоифадаги харид қилувчилар учун тенг шароитда ўтказилади”, - дея қўшимча қилинган хабарда.