Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди онлайн-саммит ўтказади

Ўзбекистон президенти ва бош вазирининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтади. Музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниб, иқтисодиёт ва инновациялар, ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга доир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар имзоланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Жорий йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтади.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир кун тартибидан Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлат хавфсизлигини таъминлашда ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Коронавирус инфекциясининг глобал миқёсда тарқалиши оқибатларини енгиб ўтишда яқиндан ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа тармоқларда кооперацияни кучайтириш ҳамда ҳудудлараро мулоқотлар, таълим ва гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга қаратилган устувор дастур ва лойиҳаларни кўриб чиқиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, учрашув чоғида икки давлат етакчилари жаҳон ва Марказий Осиёдаги вазият юзасидан фикр алмашадилар, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш чора-тадбирларини муҳокама қиладилар.

Олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниб, иқтисодиёт ва инновациялар, молиявий-техник кўмак, божхона иши ва савдони техник тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга доир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар имзоланади.