Ҳиндистондаги номаълум касалликнинг эҳтимолий сабаби айтилди

Ҳиндистон жанубидаги Андхра-Прадеш штатининг Элуру шаҳрида номаълум касаллик авж олганди. Сўнгги маълумотларга қараганда, номаълум касалликка чалинганлар сони 505 кишига етган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатидаги сирли номаълум касалликнинг авж олишига қўрғошин ёки никелдан заҳарланиш сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Маълум бўлишича, юқоридаги моддалар сув ва сут таркибида аниқланган.

Ҳиндистонда номаълум касаллик сабаб 350 нафардан зиёд киши касалхонага тушди

“Касалликка айнан нима сабаб бўлгани бўйича батафсил ахборот марказий идоралар якуний хулоса берганидан сўнг тақдим этилади. Биринчи навдатда аниқланганки, касалланиш сабаби қўрғошиндир”, — деди штат раҳбарининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари Алла Кали Кришна Шринивас. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.

Хабарда қўшимча тадқиқотлар натижалари ҳам тез орада маълум бўлиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда номаълум касаллик сабаб 350 нафардан зиёд киши касалхонага тушгани ва бир киши вафот этгани хабар қилинган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, номаълум касалликка чалинганлар сони 505 кишига етган. Шулардан 370 нафари тузалиб кетган. Яна 120 киши касалхоналарда қолмоқда. Бундан ташқари, 19 киши штатнинг йирик Вижаявада ва Гунтура шаҳарларига жиддийроқ тиббий ёрдам олиши учун юборилган.