“Спутник V” вакцинасининг якуний нархи белгиланди

Коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг ишлаб чиқарувчидан сотувга чиқариладиган якуний нархи тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг ишлаб чиқарувчидан сотувга чиқариладиган якуний нархини тасдиқлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Ўзбекистон қайси вакцинани харид қилади - ССВ жавоби

Россия ССВ раҳбарининг ёрдамчиси Алексей Кузнецовнинг сўзларига кўра, вакцинанинг нархи иккита компонент учун 1942 рублни (26,1 доллар) ташкил этади.

Беш дона икки компонентли тўпламдан иборат қадоқ нархи 9710 рубль атрофида (130,7доллар) бўлади. У россияликлар бепул ва ихтиёрий равишда эмланишини таъкидлади. Вакцина чакана савдога чиқарилмайди.

Россияда коронавирусга қарши иккита вакцина рўйхатга олинган. Бу Гамалея марказининг “Спутник V” ва “Вектор”марказининг “ЭпиВакКорона” вакцинаси. Яқин кунларда Чумаков номидаги Илмий марказ вакцинаси ҳам рўйхатга олиниши кутилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Россияда келгуси ҳафтадан COVID-19га қарши  оммавий эмлашни бошлашни топширган эди. Москвада 5 декабрдан фуқароларни коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошлаб юборилди. Биринчи навбатда таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий хизмат ходимлари эмланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Ўзбекистонга шахсан COVID-19га қарши "Cпутник V" вакцинаси намуналарини олиб келди. Намуналар улар синовлардан ўтказилиши учун Ўзбекистон томонига топширилган. Шундан сўнг вакцина рўйхатдан ўтказилади ва Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.