ТОШКЕНТ, 4 дек - Sputnik. Ўзбекистон 3-босқич клиник синовлари ижобий ўтган вакцинани харид қилади, дея баёнот берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот-хизмати.
Хабарга таъкидланишича, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича энг самарали йўл бу – иммунизация тадбирлари, яъни соғлом инсонларни ушбу касалликка қарши эмлашдир. Дунёда бу йўналишда қатор илмий текшириш институтлари ҳамда фармацевтика корхоналари томонидан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ҳозирда "COVID-19"га қарши Хитойнинг "Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical" компаниясининг вакцинаси ва Россия Федерациянинг "Спутник-V" вакцинасининг 3-босқич клиник тадқиқотлари Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Бунда вакциналарнинг хавфсизлик кўрсаткичларини баҳолаш, уларнинг инфекцияни олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш асосий вазифа қилиб белгиланган. Шунингдек, "Sinopharm group" компанияси билан ҳам ушбу йўналишда иш олиб борилмоқда.
"Ижтимоий тармоқларда тарқалган Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган вакцинани республикага олиб келиш ва аҳолига етказиш ваколати ягона хусусий ширкатга берилгани ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақиқатга зид. Чунки "COVID-19" инфекциясига қарши вакцина харид қилиш ва ундан фойдаланиш масалалари бутун жаҳонда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам клиник тадқиқотларнинг 3-босқичи натижаларига кўра белгиланади", - дейилади хабарда.
Бирор мамлакатнинг вакцинаси ижобий кўрсаткичлар қайд этгани илмий исботлансагина, уни харид қилиш, сотиб олинган вакцинани сақлаш ва ташиш билан боғлиқ масалалар тегишли мезонлар асосида кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ҳозирда БМТ билан ҳамкорликда COVAXга аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонга жаҳонда олиб борилаётган клиник тадқиқотлар асосида самараси ижобий баҳоланган коронавирусга қарши вакциналарни етказиб бериш бўйича музокаралар ҳам олиб борилмоқда.