Россияда чет элликлар ҳужжатлари муддати 2021 йилнинг ёзигача узайтирилиши мумкин

Маълум бўлишича, Россияда мигрантлар ҳужжатларини, ҳатто уларнинг муддатлари ўтган бўлса ҳам, яна ярим йилга узайтиришлари мумкин
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Россияда чет эллик фуқароларнинг ҳужжатлари муддатини келгуси йилнинг ёз ойигача узайтиришлари мумкин, деб хабар қилмоқда "Парламентская газета" нашри.

Астрахан вилояти 10 минг нафар мигрантларни қабул қилишга тайёр

Бу ҳақда Федерация кенгашида мигрантларнинг ижтимоий-маданий адаптацияси масалаларига бағишланган йиғилиш вақтида РФ ИИВ миграция масалалари бўйича бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Кирилл Адзинов маълум қилди.

Маълум бўлишича, ҳозирда ҳужжат муддатини узайтириш устида иш кетмоқда.

"Биз президент администрацияси билан унинг кейинги узайтирилиши устида иш олиб бормоқдамиз. Кутилишича, ҳужжат келгуси йилнинг ёз ойларигача узайтирилиши мумкин", - дея аниқлик киритди Адзинов.

Эслатиб ўтамиз, чет эллик фуқароларнинг ҳужжатлари муддатини узайтириш қарори коронавирус пандемияси ва 18 апрел куни мамлакатлар ўртасида чегаралар ёпилиши муносабати билан эълон қилинган эди.

Мигрантлар учун рус тили ва тарихидан имтиҳон тартиби ўзгаради

Ўша вақтдан буён ҳужжат икки маротаба узайтирилди. Аввалига 15 сентябр, сўнгра 15 декабрга қадар.

Таъкидлаш жоизки, қабул қилинган ҳужжатга кўра, мигрантлар Россияда уларга мамлакатда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари муддати ўтиб кетган тақдирда ҳам қолишлари мумкин.

Регистрациялар, патентлар, яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (вид на жительство) ва бошқа ҳужжатлар муддати ўтган ҳисобланмайди, уларни бекор қилишмайди, шунингдек, бу асосда чет элликлар РФдан депортация ҳам қилинмайди.