ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Россияда чет эллик фуқароларнинг ҳужжатлари муддатини келгуси йилнинг ёз ойигача узайтиришлари мумкин, деб хабар қилмоқда "Парламентская газета" нашри.
Бу ҳақда Федерация кенгашида мигрантларнинг ижтимоий-маданий адаптацияси масалаларига бағишланган йиғилиш вақтида РФ ИИВ миграция масалалари бўйича бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Кирилл Адзинов маълум қилди.
Маълум бўлишича, ҳозирда ҳужжат муддатини узайтириш устида иш кетмоқда.
"Биз президент администрацияси билан унинг кейинги узайтирилиши устида иш олиб бормоқдамиз. Кутилишича, ҳужжат келгуси йилнинг ёз ойларигача узайтирилиши мумкин", - дея аниқлик киритди Адзинов.
Эслатиб ўтамиз, чет эллик фуқароларнинг ҳужжатлари муддатини узайтириш қарори коронавирус пандемияси ва 18 апрел куни мамлакатлар ўртасида чегаралар ёпилиши муносабати билан эълон қилинган эди.
Ўша вақтдан буён ҳужжат икки маротаба узайтирилди. Аввалига 15 сентябр, сўнгра 15 декабрга қадар.
Таъкидлаш жоизки, қабул қилинган ҳужжатга кўра, мигрантлар Россияда уларга мамлакатда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари муддати ўтиб кетган тақдирда ҳам қолишлари мумкин.
Регистрациялар, патентлар, яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (вид на жительство) ва бошқа ҳужжатлар муддати ўтган ҳисобланмайди, уларни бекор қилишмайди, шунингдек, бу асосда чет элликлар РФдан депортация ҳам қилинмайди.