Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси билан учрашди

Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда Ўзбекистон-АҚШ алоқаларини жадаллаштиришга интилиш қатъий эканлигини таъкидладилар.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси, демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси раҳбари Роберт Дестро билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот-хизмати хабар бермоқда.

Байден даври: Марказий Осиё АҚШнинг янги президентидан нимани кутиши керак

Учрашувда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Суҳбат давомида Америка томонига Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, коррупцияга қарши кураш, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, мажбурий меҳнатни йўқ қилиш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилган натижалар тўғрисида маълумот берилди.

Америкалик дипломат президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни демократлаштириш, жамиятни либераллаштириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда Ўзбекистон-АҚШ алоқаларини жадаллаштиришга интилиш қатъий эканлигини таъкидладилар.