ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш муддати 2022 йилдан 2023 йилга кўчирилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, республикада мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор ўтказилаётганлиги инобатга олиниб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида шундай қарорга келинган.
“Аҳолини рўйхатга олиш тадбири кенг кўламли, кўп вақт ва катта маблағ талаб этадиган тадбир бўлиб, уни ўтказиш учун 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб этилади”, — дейилаган хабарда.
Шунингдек, бугунги кунда кўпгина давлатлар коронавирус пандемияси туфайли аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддатларини кейинги йилларга кўчириш чораларини кўраётгани таъкидланган. Мисол тариқасида бу тадбирларни 2021 йилга кўчирган Россия, Қозоғистон ва Арманистон келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланган эди. Қонун билан аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари белгиланган.