ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. 2021 йилда Россияда вақтинча яшаш гувоҳномасини (РВП) 39 мингдан зиёд чет эллик фуқаролар олиши мумкин.
Минтақаларга квота ажратиш тўғрисидаги фармойишга мамлакат бош вазири Михаил Мишустин имзо чекди. Унга кўра, 2021 йилда 39 325 нафар хорижлик фуқаро вақтинча яшаш гувоҳномасини олиши мумкин.
Ўтган йил билан таққослаганда бу кўрсатгич деярли ярим бараварга қисқарган. 2020 йилда 60 270 кишига квота ажратилган эди. Икки йил илгари эса уларни сони 90,3 мингдан зиёд кишини ташкил қиларди.
Москва вилояти (2,5 минг), Москва (2 минг) ва Санкт-Петербург (1,2 минг) энг кўп квотага эгалик қилган.
Россия ИИВ маълумотларига кўра, мамлакатда меҳнат мигрантлари сони деярли 25 фоизга камайган. 2019 йил сентябрида 2,3 млн кишини ташкил қилган бўлса, жорий йилга келиб уларни сони 1,8 млн кишини ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирус пандемияси сабаб Москвада мигрантлар етишмаслиги муаммоси юзага келгани хабар қилинган эди. Шунингдек, мигрантлар камайиши Петербургдаги бизнесга катта таъсир кўрсатган.