Россия, Арманистон ва Озарбайжон келишувига кўра, бугун 10 та Ил-76 ҳарбий самолёт ёрдамида Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғга етиб келди. Россия ҳарбийларининг Тоғли Қорабоғга етиб келиш кадрларини РИА Новости тарқатди.
Эслатиб ўтамиз, бир кун олдин 3 давлат раҳбарияти 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Тоғли Қорабоғ ҳудудида барча жанговар ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олишган эди.
Шунингдек, шартномага мувофиқ Арманистон 15 ноябрга қадар Озарбайжонга Келбажар туманини, ушбу йилнинг 1 декабрига қадар - Лачин туманини қайтариб бериши керак. Шу билан бир вақтда кенглиги 5 км бўлган Лачин коридори Арманистон ихтиёрида қолади. Ушбу коридор орқали Тоғли Қорабоғ билан алоқа боғланиб турилади. Бу коридор Шуша шаҳри орқали ўтмайди.
Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғда 5 йил муддатга қолади, кейинчалик ушбу муддат узайтирилиши мумкин. Ушбу шартнома Боку ва Ереван талабига биноан бекор қилиниши мумкин.