ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев сўнгги икки йил ичида республикада ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг 318 ходими жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.
Таъкидланишича, “Арк булоқ” божхона пости бошлиғи Ж. бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 миллиард сўм зарар етказган.
Тергов жараёнида Ж.нинг уйида ўтказилган тинтувда пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пуллар топилган.
Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган пуллар эвазига Бўстонлиқ туманида 8 сотихли дала ҳовли қурганлиги, “Tashkent City” мажмуасидан 2 та хонадон ва 1 та нотурар жой ҳамда “Captiva” автомашинасини сотиб олганлиги аниқланган.
Бош прокурор ҳозирда Ж. ва унинг шериклари суд олдида жавоб бераётганини қўшимча қилди.