ТОШКЕНТ, 22 окт - Sputnik. Октябр ойи бошида Самарқанд вилояти Булунғур тумани 20-умумий таълим мактаби бир гуруҳ ўқитувчилари Sputnik Ўзбекистон таҳририятига шикоят мурожаатини йўллашган эди. Мурожаатда педагоглар таълим даргоҳи директорининг бошқарув услуби ҳамда олаётган мукофот пулларининг бир қисми улардан ноқонуний тарзда олиб қўйилаётганидан норозиликларини билдиришган эди.
Ўқитувчилар мурожаати асосида тайёрланган мақолага Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси расмий муносабат эълон қилди.
Педагоглар нимадан норози?
Sputnik Ўзбекистон нашрида эълон қилинган мақоладан сўнг, мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда Булунғур тумани халқ таълими бўлимининг масъул ва раҳбар ходимлари 20-умумий ўрта таълим мактабига йўл олишди ва педагог ва ишчи-ходимлар жамоаси билан мақолада келтирилган важларни муҳокама қилишди.
Муҳокама жараёнида мактабнинг 24 нафар ўқитувчилари, мактаб директори ўринбосарлари ҳамда 2 нафар техник ходимлар иштирок этди. Мактаб директори - Г.Ч. айни пайтда бетоблиги — меҳнатга лаёқатсизлик таътилида бўлганлиги сабабли йиғилишда иштирок этмаган.
Мукофот пулларининг бир қисмини олгану, нимага олаётганини тушунтиришни унутган
Вилоят ХТВ ахборотига кўра, 20-умумий ўрта таълим мактабида 39 нафар ўқитувчи фаолият юритади. Улар 349 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келишмоқда.
2019 йилда Инвестиция дастури асосида мактаб учун қўшимча янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Бироқ янги ва муҳташам бинода фаолият юритсада, идеалликни чеки йўқ, деганларидек, "жамоа ўзаро келишиб, таълим муассасасини янада гўзал масканга, гулу гулзорга айлантириш, ўқувчи ҳамда ўқитувчилар учун қўшимча шароит яратиш мақсадида директор жамғармаси ҳисобидан ажратилаётган мукофот пулларининг маълум қисмини ушбу хайрли мақсадларга сарфлашни режалаштирган".
Ушбу ишга ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам жалб қилинган.
"Йиғилган пуллар айни пайтда мактабда математика фанидан дарс бериб келаётган Л.М. қўлида жамланган. Унинг қайд этишича, йиғилган маблағлар ҳисобидан янги бинодаги барча аудиториялар, заллардаги дераза ва эшик ромларига пардалар харид қилиниб ўрнатилган. Мактаб ҳовлисига ранг-баранг гуллар ўтқазилган. Шунингдек, янги бинога кириш қисми, синфхоналар ва залдаги барча кўргазмали воситалар ҳам ана шу ҳомийлик ҳамда ўқитувчиларнинг ўз хоҳишларига кўра мукофот пулларидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилган", - дейилади расмий тушунтиришда.
Шунингдек, расмий баёнотда ўқитувчилар (ёки ота-оналар) Л.М.га пулларни ўз хоҳишига кўра топширганликлари иддао қилинган. Педагогларнинг мактаб директоридан норозиликларига эса пулларнинг аниқ ҳисоб-китоби, сарф-ҳаражатлари бўйича ҳисобот берилмагани асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 апрелдаги “Халқ таълими тизимидаги муассасаларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 344-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 2-боб 3-бандига асосан “Юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари” маблағлари шакллантирилиши белгилаб берилган. Ушбу низомнинг 4-боб 8-бандига асосан “Жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси муассаса раҳбари ва ҳисобчиси томонидан тайёрланиб, умумтаълим муассасасининг Кузатув кенгашига келишиш учун киритилади” деб белгиланган.
Ўтган ҳамда жорий йилнинг март ойига қадар мактаб ўқитувчиларига директор жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлар махсус комиссия қарори билан берилган. Тегишли ҳужжатлар кўздан кечирилганда бу ўз исботини топди. Аммо ушбу жараёнда мактабда узоқ йиллардан буён ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган ҳамда юқори малака ва тажрибага эга бўлган, ўқувчилари қатор кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаган айрим ўқитувчиларни моддий ва маъанавий рағбатлантириш мактаб директори Г.Ч. ҳамда махсус комиссиянинг эътиборидан четда қолган. Албатта, бу хатти-ҳаракат ҳам жамоада ўзаро тушунмовчиликларни келтириб чиқарган.
Қўполлиги учун узр сўраган
ХТВ ахборотига кўра, мактаб директори Г.Ч.нинг айрим ўқитувчи ҳамда ўқувчилар, техник ходимларга нисбатан қўпол муносабатда бўлганлиги туфайли ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан, педагогик жамоадан узр сўраганлигини муҳокама жараёнида ўқитувчи ҳамда синф раҳбарлари алоҳида қайд этишган.
Мактаб директори томонидан ўқитувчиларни ишга жойлаштириш ва гуруҳ очиб бериш мақсадида пул талаб қилинганлиги ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилишича, мактаб директори Г.Ч. таътилдан сўнг ўз фаолиятини бошлагач, йўл қўйган камчиликлари қайта кўриб чиқилади.