"Толиблар тинчликни эмас, ҳокимиятни истайди": Афғонистонда халқ ҳаракати куч олмоқда

Афғонистонда ҳукумат ва толиблар ўртасидаги тинчлик жараёнидан норизо бўлган халқ ҳаракати майдонга чиқмоқда ва у АҚШни минтақадаги янги урушнинг сабабчиси, дея айбламоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Дунё Қатардаги афғонлараро музокараларни бир ойдан ошиқ вақтдан буён кузатиб, натижани кутмоқда. Америка қўшинлари Афғонистондаги базаларини тарк этмоқдалар, АҚШ президенти Дональд Трамп эса америка аскарлари ва офицерлари мамлакатни 2020 йилнинг охирига келиб, тарк этишлари ҳақида баёнот қилди. Бу ҳолат аҳолини, айниқса, толибларга қарши кучларни ғоятда ташвишга солди ва халқни митинг ҳамда пикетларга чиқишга мажбур этди.

Трамп Ироқ ва Афғонистондаги қўшинларни қисқартиришга қарор қилди

Афғонистондаги вазият ҳақида Sputnik Тожикистон мухбирига журналист ва собиқ дипломат, халқ ҳаракатлари йўлбошчиларидан бири - Фахим Кухдомоний сўзлаб берди.

Халқ ҳаракати вакили Афғонистондаги тинчлик музокаралари борасида ташвишдалигини билдирди.

"Дохада бўлиб ўтаётган воқеаларни кузатиб, толиблар тинчликни эмас, ҳокимиятни хоҳламоқда, деган хулосага келдик. У ерда тинчлик ҳақида гапирилмоқда, аммо жойларда эса террор ва жиноят амалга оширилмоқда, ИШИД* уюшмасига бирлашишмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, ушбу террористик уюшма Гурбанд, Тагоб, Қорабоғ, Шакардара сингари уездларда толиблар билан биргаликда мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Ушбу бўғин етакчиси харутий кланига мансуб тожикзабон пуштунлардан бўлган аллақандай доктор Шахоб ал-Муҳожирдир", - деди Кухдомоний.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёга таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймаймиз - Толибон вакили

Афғонистонликнинг фикрича, тинчлик ҳақидаги музокаралар толибларнинг тактик юришига айланган.

"Улар чет эл кучлари мамлакатни тарк этишини ва террорчилар ҳокимиятни ўз қўлига олишлари учун музокараларни чўзишмоқда. Чет эл қўшинлари АҚШ бошчилигида Афғонистонга киришганида, уларнинг миссияси терроризмга қарши курашдан иборат эди. Улар террорчиларни йўқ қилишлари лозим эди. Биз уларга инонган эдик, аммо нега ҳозир улар майдондан қочиб қолмоқда?", - дея савол билан юзланади халқ ҳаракати йўлбошиси.

Кухдомонийнинг айтишича, асирликдан озод этилган толиблар баррикадаларга қайтиб, оддий одамларни ўлдиришда давом этишмоқда. Бундан ташқари, оддий халқни безовта қилаётган ҳолатлардан яна бири - бу агар толиблар ҳокимият тепасига келса, бу яна Афғонистон ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа халқларнинг геноцидига олиб келиши мумкин.

"Дохада улар зўравонлик, куч ва қурол тилида гапиришади ва ҳокимиятни эгаллаш ниятида эканликларини ҳатто яширмайдилар. Мисол учун, республика ўрнига ўз "амирлигини" қайта тиклаш ниятида улар. У ерда тинчлик ҳақида гапира туриб, Афғонистонда зўравонликни амалга оширишмоқда. Айтганча, толиблар делегацияси орасида бирорта аёл йўқ, музокаралар давомида эса улар ҳукумат вакили бўлган аёлларни тамомила инкор этадилар", - деди собиқ дипломат.

Афғонистонда 400 толибни озод қилиш жараёни бошланди

Журналист фикрича, толиблар сиёсий партия сифатида сиёсат билан шуғулланишлари, парламентда ўз депутатларига эга бўлишлари ва Афғонистонга қарши уруш олиб борувчи чет эл махсус хизматлари армияси эмас, балки сиёсий куч эканликларини исботлаш учун ҳокимият учун сиёсий ва маданий йўл орқали курашишлари лозим. 

АҚШнинг эса Афғонистондаги тинчлик жараёнидаги роли эса жуда жумбоқли ва ҳатто деярли мунофиқонадир, дея таъкидлайди Афғонистон яшовчиси.

"Бизни толибларнинг ҳокимият тепасига келишларидан дарак берувчи "тинчлик" кутмоқда. "Толибон" ҳокимият тепасига келгач ва улар бошқа террористик уюшмалар билан иттифоқ тузгач, уларни Хитой, Марказий Осиё ва Эронга ёйилиши билан боғлиқ лойиҳа амалга оширила бошлаши эҳтимолга яқин. Улар сафида санаб ўтилган давлатлар жангарилари ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. АҚШ Афғонистонни тарк этаётгани билан, аммо бу регионда ишонган-кучлари орқали ўз мавжудликларини сақлаб қолади. Хуллас, Афғонистон ўтган асрнинг 90-йиллари сингари экстремистик ва террористик кучларнинг улкан базасига айланиши мумкин, уларнинг мақсади эса - бошқа давлатларга бостириб киришдан иборат бўлади", - деди Кухдомоний.

Афғонистондаги вазиятни ҳозирча тинч йўл билан ҳал қилиб бўлмайди – Михайлов

Собиқ дипломатнинг таъкидлашича, Афғонистонда ҳақиқий тинчликни ўрнатиш учун халқаро ҳамжамиятни бу жараёнга жалб этиш муҳим.

"Айни вақтда биз сиёсий ва маданий кураш олиб бормоқдамиз. Ташвиқот ишларини олиб боряпмиз, халққа нималар рўй бераётганини тушунтириш учун митинглар, пикетлар ва кўзга кўринган шахслар иштирокида йиғилишлар ўтказмоқдамиз. Бизнинг халқ, айниқса, ёшлар, терроризмга қарши руҳда ва курашга тайёр. Шу тариқа, "Толибон" ва "ИШИД"*га қарши курашни ўз олдига мақсад қилиб олган ягона халқ ҳаракати шаклланмоқда. Шу пайтга қадар бирорта мамлакат толибларга қарши кучларни очиқчасига қўллаб-қувватлаган эмас. Биз терроризмга қарши бўлган давлатларни Афғонистон халқини ёлғизликда қолдирмасликларини сўраб қоламиз", - деб хотима қилди Кухдомоний.

* Россия ва Тожикистонда тақиқланган террористик ташкилотлар.