ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари қўшма баёнот билан чиқишди ва унда Қирғизистондаги воқеалардан жиддий ташвишда эканликларини билдирдилар.
Давлат етакчилари, ҳозирда сиёсий вазият ўткир тус олаётган қўшни республика аҳолисини мамлакатда тинчликни сақлаб қолиш учун донишмандликни намоён этишга чақиришди.
"Қардош Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар бизни жиддий ташвишга солмоқда.
Кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик, умумий маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган яқин қўшнилар сифатида биз ушбу қийин кунларда Қирғизистон халқини мамлакатда тинчликни сақлаш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос доноликни намоён этишга чақирамиз.
Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоатчилик доиралари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, Конституция ва миллий қонунчиликка сўзсиз риоя қилиш билан юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширишига умид билдирамиз.
Қирғизистоннинг равнақи минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиё барқарор ривожланишининг муҳим омилидир.
Мамлакатларимизнинг ўтмиши бир, улар умумий келажакни барпо этмоқда. Марказий Осиё халқларини тарихий жиҳатдан келажакдаги авлодлар фаровонлиги учун барқарор тинчлик, тотувлик ва бунёдкорлик истаги бирлаштиради.
Муштарак мақсадларга интилган ҳолда, давлатларимиз савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларни, чегараолди ва ҳудудлараро шерикликни кенгайтириш учун минтақавий ҳамкорликни фаол равишда мустаҳкамламоқда.
Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар эканмиз, биз Қирғизистон халқини унинг ҳамжиҳатлик, тинч, мустақил тараққиёт ва фаровонлик борасидаги интилишида доимо қўллаб-қувватлаймиз", - дейилади баёнот матнида.
Қирғизистондаги вазият 4 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинганидан сўнг бирдан кескин тус олган ва оммавий протестларга айланиб кетган эди.
Жээнбековнинг сиёсий карьераси якун топди - сиёсатшунос >>>
Бишкек қаторида Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида норозилик акциялари бошланиб кетди. Митинг қатнашчилари парламент биноси ва президент администрациясини эгаллаб олдилар.
Натижада, республика бош вазири истеъфо берди. Шундан сўнг вақтинчалик бош вазир ва парламент спикери тайинланди. Эндиликда депутатларнинг бир қисми амалдаги давлат раҳбари истеъфосини талаб қилмоқда.
Шу бугун Қирғизистон президенти бош вазир бошчилигидаги амалдаги ҳукумат истеъфоси тўғрисида фармонни имзолади.
Илгарироқ, давлат раҳбари, Вазирлар маҳкамасида "янги тайинловлар учун қонуний асосларни яратишга" ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлаган.
У шунингдек, ўтган сайловлар натижаларининг бекор қилиниши ва янги овоз бериш жараёнларини ўтказилиши муҳимлигини таъкидлаган. Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон МСҚ парламентга такрорий сайловларни 6 ноябрга қадар тайинлайди.
Қирғизистон президенти амалдаги ҳукумат таркибидан ташқари, Бош штаб раҳбарини ҳам лавозимдан четлатди ва янги одамни тайинлади.
Жээнбековнинг ўзи ижро ҳукумати қонуний раҳбарлари сайланиб, тасдиқлангач, мамлакат қонуний йўлга тургач, истеъфога чиқишга тайёрлигини айтган эди.