ТОШКЕНТ, 2 окт - Sputnik. Тошкент шаҳар маъмурий судида "UzAutoMotors" устидан автомобилларга қўйилган нархлар бўйича аппеляция аризасини кўриб чиқиш жараёни бошланди.
Маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўрилмоқда, бугунги суд мажлисида тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди, дейилади Олий суд хабарида.
Суд иши бошида аризачи - "UzAuto Motors" акциядорлик жамияти вакили судга суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисида илтимоснома киритган.
Илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралгач, суд мазкур илтимоснома ишни кўриш жараёнида тарафлар томонидан давлат сири билан боғлиқ махфийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар суд муҳокамасида кўрилиши учун тақдим этилганидан сўнггина муҳокама қилиниши учун очиқ қолдирилган ва суд ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлаган.
Дастлаб сўз навбати "UzAuto Motors" АЖ вакилига тақдим этилиб, вакил ўз важида жавобгар - Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўтказилган текшириш жараёнида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарори нотўғри тадбиқ этилганлиги, "UzAuto Motors" АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган товарларга нархлар шакллантирилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги қарори тадбиқ этилиши лозимлиги, жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг нархини келишиш жамиятнинг Кузатув кенгаши ваколатига кириши тўғрисидаги важлар билдириб ўтилган.
Шунингдек, аризачи вакили томонидан Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан "Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 18-банди талаблари бузилган ҳолда қарор қабул қилинганлиги, чунки Махсус комиссия йиғилишини ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлсада, "UzAuto Motors" АЖга ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чекланганлигини билдирди.
Жавобгар вакили томонидан аризачининг важларига нисбатан фикр-мулоҳазалари тингланганидан сўнг, мазкур важларга нисбатан қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши тўғрисида фикр билдирилди ва суд муҳокамаси тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш ҳамда суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш учун киритилган илтимоснома юзасидан ҳужжатларни ўрганиш учун кейинга қолдирилди.
Кейинги суд мажлиси 2020 йил 9 октябрь куни ўтказилади.