Ҳар бир тадбиркор стандартни билиши керак - Шавкат Мирзиёев

Президент келгуси йилда маҳаллий ишлаб чиқариш уйғунлик даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси белгилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Ўзбекистон корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар йил сайин сифати яхшиланиб, халқаро стандартларга мос қилинмоқда. Бу ҳақида 28 сентябр куни президент ҳузурида бўлиб ўтган стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология тизимидаги ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

Ўзбекистонда "Ҳалол" маҳсулоти давлатлараро стандарт лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Маълум бўлишича, айни дамда Республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 43% халқаро меёрларга мувофиқлаштирилган. Қабул қилинган стандартлар сони 12 мингтага етган ва бу албатта экспорт миқдорини оширишга хизмат қилмоқда. 

Йиғилишда президент томонидан 2021 йил якунига қадар халқаро стандартлар сонини 14 мингтага, уйғунлик даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланди ва халқаро стандартларни жорий этиш маҳсулот экспорти учун муҳим вазифа экани қайд этилди. 

– Агар маҳсулот халқаро сертификатга эга бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди. Мамлакатда ҳар бир тадбиркор стандартни билиши, таниши керак, шундай муҳит яратиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунигдек, нафақат тўқимачилик соҳасида, балким озиқ-овқат ва автомобил эҳтиёт қисмлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам 5 мингга яқин эски стандартларни бекор қилиб, замонавий халқаро стандартларни жорий этиш таклиф қилинди.