ТОШКЕНТ, 29 сен – РИА Новости. Хитойнинг Хэнань провинцияси Цзяоцзо шаҳри ўрта даражадаги халқ суди болаларнинг заҳарланиши туфайли боғча тарбиячисини ўлим жазосига ҳукм қилди, дея хабар қилади суд ҳужжатларига таянган ҳолда РИА Новости.
Айбланувчи Ван Юнь "Мэнмэн" болалар боғчасида фаолият юритган ва ўша вақтда ўрта гуруҳнинг Сунь фамилияли тарбиячиси билан ўрталарида низо чиққан. Аёл ҳамкасбидан ўч олишга қарор қилади ва 2019 йилнинг 27 март санасида Сунь қарайдиган гуруҳ болалари учун мўлжалланган бўтқа ичига нитрит натрий моддасини аралаштиради. Оқибатда 25 нафар бола касалхонага ётқизилади, улардан бири кейинчалик касалхонада вафот этади.
Суриштирув давомида Ван Юнь шахсий муаммоларини ҳал қилиш пайида бундан олдин ҳам нитрит натрий моддасидан фойдаланганлиги маълум бўлади. Хусусан, 2017 йилда аёл маиший муаммолар туфайли эри билан жанжаллашиб қолади ва эркакдан ўч олиш мақсадида Ван Юнь 2017 йилнинг февралида интернет орқали нитрит натрийни харид қилиб, уни бир стакан сув ичига аралаштиради. Бу сувни ичган эркакда заҳарланиш ҳолати юз беради, аммо бу организм учун жиддий оқибатларни келтириб чиқармайди.
Суднинг қайд этишича, аёл нитрит натрий одамлар учун хавфли бўлишини билган ҳолда икки маротаба ўч олиш мақсадида бу моддадан фойдаланган. Ван Юнь, кўплаб болалар у заҳарлаган бўтқани истеъмол қилишларини билган, аммо бу ҳам уни тўхтата олмаган.
Суд шунингдек, Вань Юньнинг жиноий мотивлари худди амалга оширилган ва оғир оқибатларга олиб келган жиноят сингари "қабиҳ"лигини таъкидлаб, шу боис, аёл қонунга мувофиқ ўта кескин жазоланиши кераклигини қайд этган.