Янги Ўзбекистон талабаси қандай бўлиши керак? ОЎМТВ вазир ўринбосари билан суҳбат

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Бегимқулов Sputnik нашрига берган интервьюсида рақамли университетга ўтиш, Ўзбекистонда нега хорижий ОТМлар филиаллари кўпаяётгани ва нега яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Sputnik

Ўзбекистон олий таълим тизими шу кечаю-кундузда ўз тарихидаги энг йирик трансформацияни бошдан кечирмоқда. Бу "ўтиш" жараёнида коронавирус пандемияси берган зарба, албатта, Ўзбекистон олий таълим тизимига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Аммо қисқа муддатда ягона бирлашган онлайн-платформанинг ишга туширилиши ва республика бўйича энг яхши профессор-ўқитувчиларнинг онлайн-лекциялари талабалар эътиборига ҳавола қилиниши тизимни акс таъсирлардан ҳимоя қилди. Sputnik Ўзбекистон ХААга берган интервьюсида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов рақамли университетга ўтиш, ёшларнинг илмга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон нега ўз ҳудудида хорижий ОТМлар филиалларини кўпайтираётгани ва нима сабабдан энг яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Мирзиёев мамлакат олий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берди

- Узоқбой Шоимқулович, Ўзбекистонда олий маълумотли ишсизлар ёки ўз эгаллаган касби бўйича эмас, бошқа соҳада ишлайдиган мутахассислар жуда кўп. Лекин бирор маротаба қайси соҳага қандай мутахассис керак, неча кишига талаб бор, эшитмадик. Меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни ким ўрганади? Рақобатбардош, турли ҳаётий ва маданий шароитларга мослашувчан профессионал кадрларни тарбиялаш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда республикада?

- Хабарингиз бор, уч йил олдин - 2017 йилда, Муҳтарам Президентимизни "Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда ривожлантириш дастури" қабул қилинган эди. Мана шу дастурда олий таълим тизимини ривожлантиришнинг 9 та устувор йўналиши белгилаб берилди. Шулар орасида энг устувор йўналиш - бу ёшларимизни олий таълим билан қамровини ошириш эди. Таққослаш учун, 2016 йилда 9% битирувчиларда олий таълимда ўқишни давом эттириш имконияти бор эди. Бугунга келиб, 25%дан ошдик.

"Коррупциянинг олдини олиш": Қурилиш вазирлиги Олий Мажлисда ахборот беради

Охирги 4 йилда 47 та янги олий таълим муассасаси ташкил қилинди.

Одатда олий таълим муассасаларига қабул квоталари қандай шакллантирилади?

Аввалги Иқтисодиёт, ҳозирги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бевосита ҳудудлардан қанча ўқитувчи, қанча шифокор, қанча инженер ва ҳоказо соҳалар мутахассисларига бўлган талаб ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб тўплагач, қабул квоталарини биргаликда таълим йўналишлари ва олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаймиз. Демак, кўриб турибсизки, ҳар бир ҳудуд ва соҳанинг истиқболли ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўналишлари, устувор вазифаларидан келиб чиқиб қабул квоталари шакллантирилади.

Олий таълим тизимидаги 326 нафар ходим коррупцияга қўл урган

Давлат буюртмаси, давлат гранти асосида таҳсил оладиган талабалар  йўлланма асосида ишга юборилади. Тўлов-контракт асосидаги битирувчиларга тавсияномалар берилади, улар шу асосда ишга жойлашишлари мумкин.

Рақобатбардош кадрларга келадиган бўлсак, биласизми, бизни қувонтирадигани - ҳозирги кунда иш берувчилар секин-аста ўз талабини қўйишни ўрганди. "Менга биргина болға урдирадиган эмас, бутун бошли автоматлаштирилган тизимларни ишлатадиган инженер керак", дейишади. Ўзи тараққиётни маълум бир даражасида иш берувчилар кириб келиши ва олий таълим мазмунини шакллантиришда иштирок этишлари шарт. Иш берувчи бизга буюртмачи бўлиши, у қўяётган малака ва билимга эга бўлиш учун мутахассис қайси фанларни ўқиши кераклигини эса биз белгилашимиз керак. Шу боис бугунги кундаги асосий талабимиз - талабаларда мустақил билим олиш кўникмасини ривожлантиришдан иборат. Технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир даврда яшаяпмиз. Домланинг ўтган дарси билан кифояланмасдан, ўзи ҳам мустақил илм излайдиган талаба эртанги кунда яна қайта ўқиши керак бўлмайди. Асосий вазифамиз ёшларимизни янги билим-кўникмаларни мустақил эгаллашлари учун тайёрлашдан иборат. Ҳозирги олий таълим мазмунини мана шунга йўналтиришимиз керак.

Мирзиёев “Таълим тўғрисида”ги қонунни имзолади

- Мактабни битирган ўзбек ёшлари шу кечаю-кундузда қайси соҳаларга кўпроқ қизиқиш билдиришяпти?

- Ёшларимиз асосан, техника, IT- йўналишларини кўпроқ танлашаяпти. Жорий йил ОТМларга 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширди. Деярли ҳамма муассасаларимизда абитуриентлар сони кескин ошди. Бир ўринга 30 та абитуриент даъвогарлик қилган йўналишлар ҳам бўлди. Энг кўп абитуриентлар ҳужжат топширган ОТМлар бу СамДУ, ТерДУ, Урганч Давлат университети, ФарДУ, ЎзМУ, Тошкент Давлат техника университетлари бўлди.

Бу ёшларимизнинг олий таълимга бўлган ишончи ошаётганидан далолат беради. Билими борлари кираман деб ҳаракат қиляпти ва киряпти ҳам. Олий таълим муассасаларига боғлиқ бўлмаган шаффоф, очиқ қабул тизими яратилган.

Қабулни биз ўтказмаймиз, қолаверса, абитуриентларга бешта университетни танлаш имконияти берилган, демак, потенциал талабамни билмайман, минг хоҳлаганимдаям.

- Битирувчиларнинг аксарият қисми ўз эгаллаган соҳаси эмас, бошқа соҳада ишлашади. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Битирувчининг ишга жойлашиши жуда кўп факторларга боғлиқ - ишхонасининг уйидан узоқлиги, ёки оилавий шароити, буни ҳам инобатга олиш керак.

Миграция, таълим ва ишсизлик масалалари: Олий Мажлис Сенати навбатдаги мажлисни чақиради

Фикрим, олий маълумот олдими, шу соҳани мутахассисими, демак олган фундаменти битирувчига бошқа соҳаларда ҳам ўзини кўрсатишига имконият беради.  Бу, албатта, яхши.

Аммо яна бир масала бор. Олий таълимга ёшларни тайёрлашда оила муҳим роль ўйнайди. Олий таълим муассасасига ҳужжат топшираётган абитуриент жуда кам ҳолатларда аниқ мақсад билан "олдиндан ўша йўналишга кираман, шу соҳани эгаллайман", дейди. Бола ўқитувчи бўлишга қизиқади, лекин ота-онаси ўз фарзандининг ё прокурор ё иқтисодчи бўлишини хоҳлайди. Натижада бола иқтисод бўйича ўқийди, лекин ундан иқтисодчи чиқмайди. Вақт ўтиб у ўқишини ўзгартиришга мажбур бўлади. Ёки бўлмаса олий таълимга кирсам бўлди, деган мазмунда ҳужжат топширишади. Жорий йилнинг ўзида 30 мингга яқин ёшлар ўқишини кўчириш учун ариза топширган. Улар ичида 15 мингдан ортиғи ўз таълим йўналишларини ўзгартиришни хоҳлашган. Буни олдиндан мақсадли кириш эмас, деб ҳисоблаш мумкин.

Мажидов: сиртқи таълим 100 фоиз масофавий таълим шаклига ўтади

Ёки бўлмаса бу йил иккинчи мутахассисликка ҳужжат топширганлар сони олдинги йилларга нисбатан 4 марта кўп. Бу дегани биринчи дипломга эга, лекин ўзини соҳасида ишламаяпти. Мана шундай ҳолатлардан билишимиз мумкинки, болада у олий таълимга келишидан олдин ўша соҳа бўйича қизиқишни оилада ва мактабда уйғотиш керак. Бола мана шу соҳани аниқ эгаллайман, деган мақсад билан ОТМга келиши керак. Бундай тоифадаги талабалар ҳеч қачон ўқишини кўчирмайди ёки иккинчи олийни ўқимайди. Бакалавр дипломи билан ҳам ўзини соҳасида юқори натижаларга эришади.

- Мактаблар билан бу борада қандайдир ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

- Ҳозирда шундай ҳамкорлик бошланган. Олий таълим муассасалари кимё, биология ва математика йўналишидаги мактабларга бириктириляпти. Демак ОТМ бўлажак талабасини ўша бириктирилган мактабдан қидиради - фан олимпиадаларини туманлар, мактаблар кесимида ўзи ўтказиб, кадрларни саралаб олади. Бундан ташқари, ОТМдаги етук олим-профессорларнинг мактабларга бориб семинар, мастер-класслар ўтказиб, маърузалар ўқийдиган селекцияга ўхшаш бир тизимни жорий қиляпмиз. Эътибор берган бўлсангиз, бу йил техникумлар ташкил этилди. Масалан, Транспорт техникумини битирган ёшлар Транспорт университетига киришда иккинчи курсдан суҳбат асосида қабул қилиниб, ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўляпти. Буям кадрлар селекциясининг бир шакли.

Муҳаббат, мавқе ва дардни енгиш: Россияда таълим олиш ёшларга нима беради

- Коронавирус пандемияси  ва таълим мавзусига ўтсак. Март ойининг ярмидан Ўзбекистонда мамлакат миқёсида карантин жорий этилди. Бир вақтнинг ўзида ОТМлар масофавий таълимга ўтганини кузатдик. Онлайн-ўқиш таълим сифатини тушириб юбормадими? Ва умуман, масовафий таълим келажагини қандай кўрасиз?

- Биласизми, бугунги кунда энг аввало таълимдаги муҳит трансформацияга учрамоқда. Ҳозир ўқитувчининг вазифаси ўзгаряпти. У энди бир томонлама билим узатувчи эмас, балки талабани билим олиш фаолиятига йўналтирувчи сифатида янги мақомда иш юритиши керак. Шу нуқтаи-назардан аудиториядаги дарснинг ўрни беқиёс. Тўғри таъкидладингиз, биз 1 апрелдан масофавий таълимга ўтдик, лекин бу жараёнда жуда кўп қийинчиликларга дуч келдик. Биринчидан: ўқитувчиларимизнинг тайёргарлик даражаси. Янги форматда иш юритиш услуби аксарият ўқитувчиларни довдиратиб қўйди. Иккинчидан, талабаларимиз бундай форматда билим олишга тайёр эмасликлари маълум бўлди. Қарс икки қўлдан чиқиши керак – ОТМ тегишли шароит яратиб бериши керак. Талабаларда эса шундай форматда билим олишга мотивация кучли бўлиши лозим. Яна бир томони – техник муаммолар бўлди. Ҳамма узоқ ҳудудларимизда ҳам яратилган ресурслардан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас эди, тахминан 402 минг нафар талабадан 30 мингида( 8%и) турли сабабларга кўра, интернетга уланиш имкони йўқ эди.

"Математик инжиниринг" таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш бошланади

Вазирлигимиз пандемия шароитида қисқа вақтда ҳар бир олий таълим муассасаси масофавий таълим платформаларини ягона платформага бирлаштирди. Яъни, дейлик, физика фанини Миллий университет ҳам ўқитади, Қашқадарё ОТМси ҳам. Талабага ўқув материалини танлаш имкониятини яратдик: унга қайси ресурс маъқул бўлган бўлса, кириб ўшани ўқиш имкониятини бердик. Шу тарзда, ОТМларнинг таълим ресурсларини бирлаштириш орқали биз бу жараёндан ўтдик.

Масофавий таълим яхши, аммо буни учун талабаларда мустақил билим олиш, креатив салоҳият малакасини ривожлантириш керак. Шундагина кейинги глобал ривожланиш, глобал тараққиётда ўз ўрнини йўқотиб қўймайдиган, керакли пайтда зарур билимни олиб, ўзида зарур кўникмани шакллантирадиган мутахассис бўлади. Мени ўйлашимча, келажакда албатта анъанавий таълим билан масофавий таълимни уйғунлиги бўлиши керак.

Албатта, бу дастлабки қадам эди, биз бу нарсага биз 100 фоиз тайёр эдик, деб айтолмайман.

Давлат дастурида шу йил учта ОТМ: Тошкент давлат юридик университети, ТАТУ ва Тошкент давлат педагогика университетида масофавий таълимни тажриба сифатида жорий этиш белгиланган.

Ковалёв: Ўзбекистондаги давлат таълим тизимига рақобат керак

Чунки ҳамма таълим йўналишида ҳам масофавий таълимни жорий этиб бўлмайди. Дейлик, инженер ёки шифокорлик йўналишида. Бундай шароитда маълум бир қисм фанларни онлайн-форматга ўтказамиз, бироқ амалиётда ўтиши лозим бўлган - қўл билан бажариладиган ишлар ҳам бор, уларни  масофавийга ўтказа олмаймиз.

Шунингдек, сиртқи таълимда аралаш технологияларни жорий қилдик. Мана, шу йилдан 35та ОТМда кредит-модуль тизимига ўтдик. Бунинг маъноси нима? Дейлик врач беморни қабул қилганида, у билан мулоқотда бўлади. Бунинг учун у психологияни билиши, унда нутқ маданияти бўлиши, ўзини соҳаси бўйича касаллик белгиларини айтиб бера оладиган бўлиши керак. Мана шу кўникмаларни битта гуруҳ қиламиз – дейлик, мулоқот компетенцияси. Бу компетенция учун бўлажак шифокор учта фанни ўқийди - бу фанлар гуруҳланиб битта модул бўлади ва мана шунга кредит берилади.

Кредит-модул тизими амалий кўникмани ривожлантиришга қаратилган таълим жараёни бўлади ва мустақил таълим методикаларини қўллашни кенгайтиришни тақазо этади. Агар талаба шу компетенцияга эга бўлмаса, унда пробел бўлади, демак у тўлиқ мутахассис бўлолмайди.

Ўзбекистонда яна бир Россия олийгоҳи филиали очилади

- Ўзбекистонда чет эл ОТМлари филиаллари сони кескин ортди. Охирги 3 йилда 15та хорижий филиаллар ташкил қилинди. Бу нима учун керак?

- Хорижий филиаллар сони шунчаки кўпаяётгани йўқ. Яқин-яқингача Ўзбекистонни дунёнинг географик харитасида билишмас эди. Мана энди Янги Ўзбекистон сифатида дунёга таниляпмиз, Ўзбекистон олий таълим тизимини ҳам жаҳонга танитишимиз керак.

Битирувчиларимизни сифати бизни ишимизга баҳо беради. Шундай экан, хорижий филиаллар сони оширилиши билан биринчи навбатда илғор таълим технологиялари ҳам мамлакатимизга кириб келяпти. Москва Давлат Университети, Американинг Вебстер Университети, МИСиС – ахир булар ўз соҳаси бўйича етакчи таълим муассасалари.

Ҳар қандай ОТМ даражаси - бу илмий даражали ўқитувчилар улуши ёки хориждан жалб қилинган профессор-ўқитувчилар сони билан ўлчанади. Хорижий ОТМлар филиалларининг ташкил этилиши, хорижий етакчи университетлар билан қўшма дастурлар - Ўзбекистон олий таълими тизимининг ичида рақобатни шакллантиради. Бу ниҳоятда зарур - рақобат бўлмаса, ривожланиш бўлмайди.

Самарқандда яна бир олийгоҳнинг филиали очилади

Ҳозирда 22та давлатдан 104та таълим йўналиши бўйича икки томонлама диплом бериш дастурини йўлга қўйганмиз.

Эътибор беринг, Ўзбекистонда ОТМларнинг илмий салоҳияти охирги 3 йилда ҳар йили 3%дан ортяпти. Йигирма йилда очиғи, бу кўрсаткич йилдан йилга пасайиб бориб, пасайиш 2017 йилда биринчи маротаба тўхтатилган эди.

-  Қўшма дастурлар туфайли яхши мутахассисларнинг чет элга кетиб қолиши, русча айтганда "кадровая утечка" деган бир ҳолат юзага келиб қолмайдими, нима дейсиз?

- Бизнинг бугунги кундаги барча ҳаракатларимиз етук малакали битирувчиларни тайёрлашга қаратилган. Аввало ўзбекона менталитетга хос - уйидан узоққа ҳеч қаерга кетиб қолмайди. Хорижга бориб ишлаб, маълум вақтдан кейин тажриба орттириб қайтиб келса, бу ҳам яхши. Нима қилибди, нега биз буни чегаралашимиз керак? Ватанига хизмат қилиш ҳисси қалбида йўқолмаса бўлди.

Хорижий ОТМлар билан қўшма таълим дастурлари асосида магистратура учун қабул бошланди

- Ўзбекистон ёшларининг олимликка қизиқиши қай даражада? Ёш олимларни қандай қўллаб-қувватлайсизлар?

- Бугунги кундаги асосий ишларимиздан бири ёш олимларни илмий-тадқиқотчилик фаолиятига кенг жалб қилишга қаратилган. Докторантурага қабул квоталари 3 баробар ошди. Кириш учун битта ўринга 4-5тадан даъвогар тўғри келяпти.

Ўтган йили магистратурага 7695 та ўрин берилган ва 22 мингдан зиёд ариза тушган эди. Бу йил 10 425 та жой ажратилди, 74 мингдан ортиқ ариза тушди.

Ёшларнинг илмга қизиқиши ортмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга кескин эътибор бериш бошланди. Уларга уй-жой, машина олиш учун кредитлар берилмоқда.

Президент хорижга чиқиб кетган мутахассислар рўйхатини тузишни буюрди

- ОТМлардаги бошқарув жамоалари кўпинча сизлар, яъни вазирликдан "буйруқ" келишини кутиб ўтиришади.

- Саволингиз тушунарли. Биз икки йил олдин олий таълим муассасаларига академик мустақиллик берганмиз. Яъни ўқув жараёни мазмунини, ўқув режаларингни иш берувчилар талаблари, халқаро тажрибадан келиб чиқиб ўзларинг ҳал қилинглар, деганмиз. Биз ҳозирда фақатгина умумий стратегияни белгилаб беряпмиз.

Мана, ўнта ОТМ бу йил молиявий мустақилликка ўтди, лекин афсуски, ҳали ҳам нима қилишни кутиб ўтириш ҳолатлари йўқ эмас. Уларни дунёқарашини ўзгартиришимиз керак.

- Шу йилдаги режалар қандай?

- Режалар бисёр. Олий таълимни бошқаришнинг ахборот тизимларини жорий қиляпмиз. Вазирлик рақамли форматга ўтаяпти. АКТни жорий этиш орқали очиқлик, шаффофлик, тезкорликни таъминлаймиз. Университетларни рақамли форматга ўтказиш ишларини босқичма-босқич давом эттирамиз.

Раҳбар бўлиш осонми? Ўзбекистондаги ягона аёл-ректор билан интервью

Илмий фаолиятни ривожлантиришмиз керак. Шу учун замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантиришга ҳаракатдамиз: бу ОТМлар қошидаги технопарклардир. Хориждан 112 та замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари олиб келинди, 7 та олий таълим муассасалараро илмий тадқиқот лабораторияларини ташкил қиляпмиз.

Бугунги кунда бизга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак. Ҳамма ҳаракатларимиз ёшларга сифатли таълим беришга қаратилган ва бунга эришамиз.