ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 375 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 55 776 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг: 146 нафари Тошкент шаҳрида, 16 нафари Бухоро вилоятида, 13 нафари Андижон вилоятида, 4 нафари Навоий вилоятида, 4 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Соғайиш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 359 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 52 324 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 94 фоиз.
Айни пайтда 2 992 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 1 нафар бемор вафот этди.
Ўзбекистонда жами 460 киши пандемия қурбони бўлди.
Олиб келинган фуқаролар
Умумий ҳисобда қарийб 13,5 минг нафар ўзбекистонликлар Россиянинг Самара вилоятидан ватанига олиб келинди.
28 сентябрь соат 7:00 ҳолатига кўра Самара вилояти ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўпланиши йўқ. Марказий Осиё фуқароларининг бутун тўпланиш давомида яшаш жойига 13 435 киши жўнатилди. Кинель туманидаги чодирли лагерь йиғиштирилган.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 33,3 миллиондан ошди, 1 миллиондан ортиқ киши вафот этди, 24,6 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (7,3 млн), Ҳиндистонда (6,0 млн), Бразилияда (4,7 млн).