ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Ёпиқ чегаралар туфайли уйига қайта олмаган умумий ҳисобда қарийб 13,5 минг нафар ўзбекистонликлар Россиянинг Самара вилоятидан ватанига олиб келинди.
“28 сентябрь соат 7:00 ҳолатига кўра (Москва вақти билан соат 6:00) Самара вилояти ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўпланиши йўқ. Марказий Осиё фуқароларининг бутун тўпланиш давомида яшаш жойига 13 435 киши жўнатилди”, - дея маълум қилди РИА Новостига вилояти ҳукумати.
Ҳозирда вақтинча яшаш пунктида ҳеч ким қолмаган, Кинель туманидаги чодирли лагерь йиғиштирилган.
27 сентябрь куни Самара вилоятидан 750 нафар мамлакат фуқаролари автобусларда Ўзбекистонга олиб келинди. Бунга қадар уларни олиб келиш учун махсус поездлар ҳам ташкиллаштирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways 17 сентябрдан бошлаб Москвадан кунига 2 маротаба авиапарвозлар ташкил қилишни бошлаган эди. Шунингдек, Санкт-Петербург ва Москвадан Тошкентга қўшимча чартер рейс қўйилган. Айни дамда чипталар эркин савдода сотилмоқда.
ТИВ фуқароларга мурожаат қилиб, Россия ҳудудида бўлган ватандошлардан поезд станцияларида тўпланмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин талабларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраган эди.